Хитой раиси Си Жинпинг 15 ноябр куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида АҚШ президенти Жозеф Байден билан АҚШ-Хитой муносабатларидаги стратегик масалаларни муҳокама қилади. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) вакилига таяниб ТАСС маълум қилди.
«Икки давлат раҳбарлари Хитой-АҚШ муносабатларини шакллантириш учун стратегик, кенг қамровли ва фундаментал аҳамиятга эга бўлган масалалар, шунингдек, дунё тинчлиги ва тараққиёти билан боғлиқ асосий масалалар бўйича чуқур мулоқот ўтказадилар», дейилади баёнотда.
ТИВ шунингдек, Си Жинпингнинг ташрифи унинг Осиё-Тинч океани минтақасида иқтисодий ҳамкорликка содиқлигини англатишини маълум қилди. Хитой томонининг фикрича, APEC минтақанинг иқтисодий ўсиш драйвери мақомини сақлаб қолиш учун муҳим платформа саналади.
1 ноябр куни АҚШ ва Хитой ўз етакчиларининг учрашуви бўйича принципиал келишувга эришгани хабар қилинган эди. У Қўшма Штатларда бўлиб ўтадиган APEC саммити арафасида юз беради. Бу икки давлат раҳбарларининг 2022 йилдаги G20 Бали саммитидан кейинги илк учрашуви ва Си Жинпингнинг 2017 йилдан бери Қўшма Штатларга биринчи ташрифи бўлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг