Жанубий Корея ҳукумати ва ҳукмрон «Халқ кучи» партияси йил охиригача ит гўштини истеъмол қилишни тақиқловчи қонун қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
«Жамиятимизда уй ҳайвонлари сонининг ўсиб бораётгани, мамлакатимиз хабардорлиги ва халқаро ҳаётдаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда ит гўшти истеъмолига чек қўйиш вақти келди», деди депутат Ю Йи Дон бу ҳақда.
Қонунга кўра, 2027 йилдан бошлаб итларни сўйиш ва гўштини сотиш бутунлай тақиқланиши кутилмоқда. Шунингдек, ит фермалари, сўйиш жойлари, чакана савдо дўконлари ва ресторанлари маҳаллий ҳокимиятларга ит гўштидан босқичма-босқич воз кечиш режасини тақдим этиши талаб қилинади. Бундай режа тақдим этилган тақдирда, бизнес қўллаб-қувватланади.
Жанубий Кореядаги иккинчи йирик партия, ҳозир мухолифатда бўлган Демократик партия ҳам қонун қабул қилиниши тарафдори. Сентябр ойида унинг вакиллари тақиқни маъқуллаганини айтишган.
Ит гўштини тақиқлаш ғояси Жанубий Кореяда бир неча йиллардан бери муҳокама қилинмоқда. Анъанавий қарашларга эга бўлган баъзи одамлар бунга қарши - улар ит гўшти корейс ошхонасининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлашади.
Сўнгги йилларда Кореяда ёшлар ит гўшти истеъмол қилишдан воз кечиб, уларни уй ҳайвонлари сифатида сақламоқда. 2022 йилда ўтказилган тадқиқотда ит гўштини истеъмол қилган 20 ёшли корейсларнинг ярмидан кўпи ота-оналари ёки ёши улуғ ишдаги ҳамкасблари томонидан босим ўтказилгани ҳақида хабар беришган.
Жанубий Кореяда ҳукумат статистикасига кўра, ит гўштидан тайёрланган маҳсулотларни сотувчи 1150 та ит фермаси, 34 та ит гўштини қайта ишлаш заводи, 219 та дистрибютор ва 1600 га яқин ресторан мавжуд.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг