08:08 / 02.12.2023
132

Жорж Сантос коррупция туфайли АҚШ Конгрессидан четлатилди

Жорж Сантос коррупция туфайли АҚШ Конгрессидан четлатилди

Фото: Getty Images

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси республикачи Жорж Сантосни Конгрессдан четлатишни ёқлаб овоз берди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.

Унга 23 та банд бўйича коррупцияда айбловлар қўйилган, жумладан, маълумотларни сохталаштириш, ҳомийлар карталаридан маблағларни ўғирлаш, сайловолди ташвиқоти учун йиғилган маблағларни нотўғри ишлатиш ва бошқалар. Ёш конгрессменни четлатишни ёқлаб 311 киши овоз берди, 114 киши қарши бўлди.

Жорж Сантос 2022 йил кузида, 34 ёшида Вакиллар палатасига сайланган эди. Бироқ, декабр ойида унга қарши биринчи айбловлар пайдо бўлди. Бунга The New York Times газетасида Жорж Сантос сайловолди ташвиқоти вақтида ўз таржимаи ҳоли фактларини сохталаштиргани ҳақида эълон қилинган мақола сабаб бўлди.

Кейинчалик The Wall Street Journal нашри Жорж Сантос молиявий пирамида сифатида тан олинган ва унга қарши судга даъво киритилган Harbor City Capital компаниясида икки йил ишлаганини ёзди.

Жорж Сантос АҚШ тарихида Конгрессдан чиқариб юборилган Вакиллар палатасининг олтинчи аъзоси бўлди. Охирги марта бу 20 йилдан кўпроқ вақт олдин содир бўлган ва Жеймс Трафикант бир нечта жиноятларда, жумладан порахўрликда айбдор деб топилганидан сўнг Конгрессдаги мансабидан маҳрум қилинган эди.

Жорж Сантос кетганидан кейин АҚШ Вакиллар палатасида республикачилар сони 221 киши бўлиб қолди. Ҳозир у ерда 213 нафар демократ бор ва улар аллақачон бўшатилган ўринга ўз вакилларидан бирини жойлаштириш ҳаракатларини бошлаб юборган.

Қонунга кўра, Вакиллар палатаси аъзоси чиқариб юборилганидан кейин ўн кун ичида навбатдан ташқари сайлов тайинланиши, номзодлар бўйича овоз бериш эса 70-80 кун ичида, феврал ойида ўтказилиши керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё