00:24 / 13.12.2023
676

Украин аскарлари лой ва совуқда, каламушлар орасида қандай жанг қилмоқда?

Украин аскарлари лой ва совуқда, каламушлар орасида қандай жанг қилмоқда?

Фото: Vlada Liberova / Libkos / Getty Images

Куз бошланиши билан Украинанинг олдинги чизиқдаги хандақлари амалда ўтиб бўлмайдиган лой билан тўлган ва бу қўшинлар ҳаракатини сезиларли даражада секинлаштирганди. Украинларнинг Бахмут атрофидаги позицияларида бўлган The Wall Street Journal журналистлари окопларда лойгарчиликдан ташқари яна бир жиддий муаммо ҳақида ёзишган — озиқ-овқат захиралари ва кийим-кечакларни йўқ қилиб, тўшакларни илма-тешик қилаётган юзлаб каламуш ва сичқонлар. Ҳарбий экспертлар фронт чизиғидаги шароитни Биринчи жаҳон уруши даври билан тенглаштиришган ва лой, намгарчилик, совуқ ва ухлашга қўймайдиган кемирувчилар аскарнинг руҳий ҳолати ва жанглардаги ҳаракатларига жиддий таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

The Wall Street Journal нашри таъбирича, Украинада октябр ойларида бошланган ва қиш охирига қадар давом этадиган «лой мавсуми» — ҳарбий ҳаракатлар боришига жиддий таъсир кўрсатади. Лой ва совуқ гусеницали бўлмаган барча транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатади ва пиёда ҳолда ҳужум қилишни қийинлаштириб, икки томоннинг ҳам катта ютуқларга эришишига имкон бермайди. Нашрнинг қайд этишича, ҳозирда олдинги чизиқларда кузатилаётган вазият Биринчи жаҳон уруши йилларини эслатади: хандақлар тизимлари, мустаҳкамланган мудофаа чизиқлари ва мунтазам артиллерия зарбалари билан.

Аммо бундан ташқари яна бир муаммо бор — окоплардаги кемирувчилар. The Wall Street Journal нашри ёзишича, олдинги чизиқларда артиллерия ўқлари овози тинганида бошқа товушлар эшитила бошлайди — ҳаммаёқни каламуш ва сичқонларнинг чийиллаши ва дупурлаши тутиб кетади. Кемирувчилар ҳамма жойга кириб боришади — каравотга, кийимларга, егулик захираларига. «Тунда ҳимояланиш учун нима қилсанг ҳам, улар барибир ичкарига кириб олишади», — дейди нашрга «Лукаш» чақирув белгисига эга жангчи. У ўз бобосининг Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги хотираларини қандай тинглаганини эслайди ва ўзи ҳам худди шундай шароитга тушиб қолишини тасаввур қилмаганини айтади.

Артиллериячилардан бири, «Следопит» лақабли жангчи кечаси қичишишдан уйғониб кетгани ва кўкрагида соқолини кемираётган улкан сичқонни кўрганини айтади. У журналистларга либосидаги кемирувчилардан қолган улкан тешикни кўрсатади. Украин жангчиларига кўра, сичқон ва каламушлар бетараф ҳудудда қолган россиялик аскарларнинг жасадларини ҳам кемирмоқда.

Украиналик ҳарбийлар каламушларни инидан чиқариб, уларни ўққа тутмоқда, окоплар ва траншеяларда қўлбола ёпишқоқ қопқонлар ўрнатилмоқда. «Тэклберри» лақабли артиллериячи бир сафар кун давомида қопқонга 53 та кейинги куни эса — яна 43 та сичқон тушгани ҳақида айтади. Шу билан бирга, нашр Гринвич университетининг кемирувчилар бўйича эскперти Стивен Белмейнга таяниб ёзишича, уларга қарши бундай кураш самарасиз — чунки улар жуда тез кўпаяди.

«Аслида биз уларнинг ҳудудидамиз», — дейди «Лукаш» кемирувчилар ҳақида. Шу билан бирга, артиллериячилар уларнинг аҳволи барибир олдинги чизиқда, Россия қўшинлари чизиғидан атиги 70 метр беридаги траншеяларда турган пиёдаларникидан яхшироқлигини айтади. Пиёдалар лойгарчилик, сичқон ва каламушлардан ташқари Россия аскарлари томонидан руҳиятни пасайтириш учун қўйиладиган Олег Газмановнинг қўшиқларини эшитишга мажбур бўлишади.

WSJ нашри ёзишича, артиллериячиларда руҳият юқори кўринади — келганлардан бири лой ичида оёқ кийимини йўқотиб қўйганида улар ҳазиллашишади ва баланд овозда кулишади. Аммо америкалик ва британиялик зобитлар нашр билан суҳбатда лойгарчилик, зах ва совуқ украин аскарларининг жангдаги ҳаракатларига жиддий таъсир кўрсатиши муқаррарлигини айтишган.

«Бундай муҳитда яшаш, юриш ва ухлашнинг оқибатлари аскарларга чинакамига заифлаштирувчи таъсир кўрсатиши ва ҳатто касалликка олиб келиши мумкин», — деган WSJ билан суҳбатда АҚШнинг Европадаги қуруқлик қўшинлари собиқ қўмондони Бен Ҳоджес. Нашр мутахассислар Биринчи жаҳон уруши вақтидаёқ хандақлардаги каламушлар аскарларнинг ухлашига қўймай, уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган деган хулосага келганини эслатган.

The Wall Street Journal Россия қўшинлари ҳам худди шундай шароитда эканини қайд этади — ижтимоий тармоқларда россияликларнинг окопларига ҳам каламушлар бостириб киргани акс этган кўплаб видеоларни учратиш мумкин.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украин аскарлари лой ва совуқда, каламушлар орасида қандай жанг қилмоқда?