Фото: Getty Images
Халқаро суд Исроил Ғазо секторида геноциднинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриши керак, деган қарорга келди. Суд раиси Жоан Доноҳю тегишли қарорни ўқиб эшиттирди.
Халқаро суд Жанубий Африка Республикасининг Ғазо секторидаги уруш муносабати билан Исроилга қарши вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги илтимосини қондирди ва Ғазо секторидаги фаластинликларнинг геноцид ҳаракатларидан ҳимояланиш ҳуқуқини тан олди.
“Исроил Ғазо сектори аҳолисига нисбатан Геноцид конвенциясининг иккинчи моддасига мувофиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши керак, хусусан — а) гуруҳ аъзоларини ўлдириш, б) бундай гуруҳ аъзоларига жиддий тан жароҳати етказиш ёки руҳий заифлаштириш, c) ҳар қандай гуруҳ учун тўлиқ ёки қисман жисмоний йўқ қилинишига олиб келадиган яшаш шароитини қасддан яратиш”, — дейди суд раиси Жоан Доноҳю.
У тегишли чора-тадбирлар қаторида шундай гуруҳ орасида фарзанд кўришнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни санаб ўтди. Суд Исроилни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами оқимини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўришни буюрди.
Гаагада Исроилга қарши суд жараёни
11—12 январь кунлари Гаагадаги Халқаро судда Жанубий Африканинг Республикасининг Ғазо секторида геноцид конвенциясини бузганликда айбланаётган Исроилга қарши даъвоси юзасидан тингловлар бўлиб ўтди. Унда ЖАР суд Исроилга нисбатан қуйидаги 9 та тақиқни қўллашини талаб қилган:
- Ғазо секторида зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш.
- Ғазода бирор-бир гуруҳнинг ҳарбий амалиёт ўтказишини ёқлайдиган қадам қўймаслик.
- Фаластинликларга қарши геноциднинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриш.
- Геноцид конвенциясининг 2-моддаси доирасига кирувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш.
- Кўчирилган одамларнинг уйларига қайтишини ва инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат, сув, ёнилғи, тиббий ва гигиена воситалари, бошпана ва кийим-кечаклардан фойдаланишини таъминлаш.
- Геноцидга алоқадорларни жазолаш учун зарур чораларни кўриш.
- Геноцид далилларини сақлаш ва бу мақсадда халқаро ва бошқа расмийларнинг Ғазога киришига тўсқинлик қилмаслик.
- Ушбу чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида судга мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиш.
- Халқаро суд Исроилга ишни мураккаблаштирадиган ёки узайтирадиган ҳаракатлардан тийилишни буюриши керак.
Ўз навбатида, Исроил суд нима учун ЖАРнинг Исроил томонига қарши чоралар кўриш, жумладан, Ғазо секторидаги ҳарбий операцияни тугатиш тўғрисидаги илтимосини рад этиши кераклиги ҳақида далиллар келтиришга ҳаракат қилган.
Шундай қилиб, Исроил мудофааси Ғазодаги ҳарбий операция ёрдамида мамлакат “Фаластин халқини йўқ қилиш эмас, балки ўз халқини ҳимоя қилиш” учун ҳаракат қилишини айтган. Бундан ташқари, Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат юк машиналари келишини таъминлаганини ва ҳудудга оқиб ўтаётган сув миқдори бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқлигини айтган.
Reuters’нинг хабар беришича, Халқаро суд Исроилга фавқулодда чоралар кўради. Бу чоралар нимани англатиши бир оздан кейин аниқ бўлади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг