20:55 / 23.02.2024
1 011

Фарғонада тўй куни қочиб кетган «куёв» олти йилга қамалди

Фарғонада тўй куни қочиб кетган «куёв» олти йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Қува тумани суди К.Шуҳратовни (исми-шарифи ўзгартирилган) 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қайд қилинишича, марғилонлик Д.Сафарова (исми-шарифи ўзгартирилган) телевизорда Hop-Shop ТВ рекламасини кўриб қолади. Сўнгра онасига совға сотиб олмоқчи бўлиб, ушбу каналга қўнғироқ қилади ва техника жиҳозига буюртма беради.

Орадан бир неча кун ўтиб, Д.Сафаровага нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади. Нотаниш йигит (К.Шуҳратов) ўзини Hop-Shop ТВ каналида ишлашини, унинг буюртмаси бўйича айрим масалаларни аниқлаб олиши кераклигини айтиб, суҳбат бошлайди.

Йигит суҳбат давомида Д.Сафарованинг ўқишни тамомлаб, ишлаётгани, турмушга чиқмагани, оиласи ва бошқа маълумотларини батафсил сўраб олади. Шундан сўнг, К.Шуҳратов Тошкентдан Марғилонга боради.

Д.Сафарова уни излаб келган К.Шуҳратовни кўргач, гўёки «бир неча йилдан буён ўзи кутган инсонни учратгандек бўлади». Йигитнинг барча талабларини ҳеч шубҳаланмай бажаради. Жумладан, К.Шуҳратов унга уйланиш мақсадида «уйини таъмирлаш учун» пул сўраганда, тўплаб юрган барча пулларини беради. Йигит уни деб тайёр ишини ташлаб келганини айтади, келгусида таксичи бўлиб ишлаши учун машина сотиб олишга ёрдам сўраганда, ҳеч иккиланмай ота-онасидан пул олиб беради.

К.Шуҳратов барча талаблари Д.Сафарова томонидан бажарилаётганини кўриб, навбатдаги ҳийласини бошлайди. Қизда пул қолмагач, унинг номига дўконлардан ва тижорат банкларидан кредит ҳамда турли товарлар олиб беришни илтимос қилади. Д.Сафарова бу талабни ҳам бажаради.

К.Шуҳратов қизни алдаб, тўйгача никоҳ ўқитиб, бирга яшашга кўндиради. Қиз никоҳ ўқитиб, унга ўз уйидан жой беради. К.Шуҳратов еб-ичишдан тортиб, уст-бошигача бўлган харажатни Д.Сафарова ва унинг яқинлари зиммасига юклаб қўяди.

Д.Сафарованинг ота-онаси ва ака-укалари «куёвдан» тўй қилишни, никоҳни эл-юртга ошкор қилишни сўрай бошлайди. Шундан сўнг, К.Шуҳратов Фарғона шаҳридаги тўйхонада дабдабали тўй қилишига Д.Сафарова ва унинг яқинларини ишонтириб, тўй кунини белгилайди. Ҳатто таклифномаларни Д.Сафарованинг яқинларига тарқатиб, ҳаммани тўйга таклиф этади.

Шундан сўнг, К.Шуҳратов келин ва унинг яқинларини тўплаб, уларга ҳашаматли тўйхонада катта тўй қилиш учун анча қарз бўлиб қолганини, ўзига яна бироз ёрдам кераклигини айтиб, уларни ишонтиради. Тўй куни барчанинг тўёна пулларини йиғиштириб олиб, Тошкент вилоятига қочиб кетади.

Қайд қилинишича, К.Шуҳратовга Жиноят Кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аниқланишича, К.Шуҳратов оилали, икки нафар фарзанди бор экан. Уларга ишлаб, пул топиб келишини айтиб, уйидан чиқиб кетган.

Судда К.Шуҳратов зарарларни қоплаш ўрнига, жабрланувчи Д.Сафаровани яна алдашга уринади, оиласидан ажрашиб, унга уйланишини айтиб, фақат зарарлар қоплангани ҳақида ариза ёзиб, уни қамоқдан қутқариб қолишни илтимос қилди. Аммо, бу сафар Д.Сафарова рози бўлмайди.

Суд ҳукми билан фирибгар К.Шуҳратов 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё