date
views 1 353

Россиядаги энг йирик мажмуа «Crocus City Hall» кимники ва Трамп билан алоқалар

Россиядаги энг йирик мажмуа «Crocus City Hall» кимники ва Трамп билан алоқалар
Арас Агаларов. Фото: thebell.io
Москва областида жойлашган, 40 дан зиёд инсон ўлими ва 140 га яқин одамнинг ярадор бўлишига сабаб бўлган террорчилик акти содир этилган «Crocus City Hall» кимга тегишли?

«Crocus City Hall» — россиялик бизнесмен Арас Агаларовнинг Crocus Group компаниясининг энг асосий активларидан бири. Crocus Group Россиянинг энг йирик қурилиш компанияси ҳисобланади.

Арас Агаларовга бир неча бор ўта мураккаб объектларни қуриш ишониб топширилган. Жумладан Россияда ўтган ЖЧ-2018 стадионларининг қурилиши ҳам. Масалан, 2012 йилда АТЭС саммити учун Владивостокдаги Русский оролида Узоқ Шарқ федерал университети биносини ҳам у қурган. Москвадаги марказий ҳалқа автомобил йўлининг участкаларидан бирини ҳам Crocus Group қурган.

Унга «Восточний» космодроми қурилишини қутқариб қолиш ҳам таклиф қилинган, бироқ Агаларов у ерда фақат бир нечта объект, жумладан аэропорт, «Ангара» ракета ташувчисини йиғиш ва текширувдан ўтказиш мажмуасини қуриб беришга рози бўлган.

“Crocus City” Россиядаги энг йирик савдо-кўнгилочар мажмуаси ҳисобланади. Фото: Wikipedia
«Менинг ҳукуматда таниш-билишларим йўқ, — деган эди Агаларов 2019 йили берган интервюларидан бирида. — Мен ўзи жуда қайсар ва урушқоқ одамман. Бирор йиғилишга кириб келсам, одамлар «у ҳамма билан урушаверади, лекин қўлидан нимадир келади», дейишарди. Ўзининг таниш-билишлари ва алоқаларини беркитадиган инсонлар ҳам бор. Яширинча келишувлар қилишади, пудратларни қўлга киритишади. Менинг барча алоқаларим мутлақо расмий, очиқ контактларга эгаман. Мени доим ҳамма жойга таклиф қилишади, бу ҳақиқат. Лекин мен ҳеч ким билан аввалдан келишмайман, кўпроқ пул ишлаб олиш учун йирик ва ёғли шартномаларни сўрамайман. Шунчаки, биз тез ва сифатли қура олишимизни ҳамма кўриб турибди».

«Crocus City» — Арас Агаларовнинг энг йирик активи ва Россиядаги энг йирик савдо-кўргазма мажмуаси ҳисобланади. Унинг таркибига «Crocus Expo» кўргазма майдончаси, «Crocus City Hall» концерт зали ва «Crocus Cuty Mall» савдо маркази киради.

2013 йилда Москвага қилган ташрифи чоғида Доналд Трамп уч кун «Crocus»да меҳмон бўлган. Ўшанда АҚШнинг бўлажак президенти Арас Агаларов билан Москвада «Trump Tower» қуриш бўйича музокаралар олиб борган. Алал-оқибатда лойиҳа амалга ошмаган, бироқ 2016 йилга келиб мана шу алоқа туфайли Агаларовларни АҚШдаги можароли сайловларга аралашувда гумон қилишган.

Арас Агаларов, ўғли Эмин Доналд Трамп билан. Фото: Фото: Вячеслав Прокофев / ТАСС
Айни пайтда Арас Агаларов ўғли Эмин билан теракт содир этилган жойда ҳозир бўлиб турибди. «Концерт зали раҳбарияти ва хавфсизлик хизмати билан шошилинч йиғилиш ўтказилмоқда», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги энг йирик мажмуа «Crocus City Hall» кимники ва Трамп билан алоқалар