19:13 / 05.05.2024
437

Украинада урушнинг 801-куни: Одессадаги ёнғинлар ва Часив Яр атрофида жанг қилаётган «Вампир»

Украинада урушнинг 801-куни: Одессадаги ёнғинлар ва Часив Яр атрофида жанг қилаётган «Вампир»
Украинада урушнинг 801-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
  • Россия мудофаа вазирлиги Қрим узра ATACMS русумли тўртта ракета уриб туширилганини маълум қилди.
  • Харкивда дронлар ҳужуми оқибатида тўрт киши жароҳатланди.
  • Днипропетровск областида дронлар критик инфратузилма объектларига ҳужум қилди, икки киши жароҳатланган.
  • Белгородда портлаш оқибатида беш киши жароҳатланди, регион губернатори бунинг сабабини айтмаган.
  • Россия ИИВ сайтида Володимир Зеленский ва Петро Порошенко қидирувга берилгани тўғрисида эълон пайдо бўлди.
  • Карпаторти областида ҳарбий комиссариат ходимлари маҳаллий аҳоли вакиллари қишлоқдошларининг сафарбар қилинишига қарши уюштирган намойиши вақтида бир неча бор ҳавога ўқ узди.
  • Украина россиялик ва белруслик эшкакчиларни Олимпиада саралашидан четлатишни талаб қилди.

Кун кадри. Лвивда Пасха ибодатидан кейин

Лвив марказидаги черковлардан бирининг қавми аъзолари (улардан бири Украина қуролли кучлари ҳарбийси) пасха ибодатидан кейин ибодатхонани тарк этмоқда. Черков биноси Россия армиясининг шаҳарга ҳужуми вақтида шикастланмаслиги учун ўраб қўйилган.
Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив ўққа тутилишидан кейин чиққан ёнғин

Россия армиясининг Харкивга 4 майга ўтар кечаси қилган ҳужумидан кейин шаҳарнинг Индустриал районидаги саноат корхоналаридан бирида (област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, фуқаролик объекти) ёнғин чиққан. Камида тўрт киши жароҳатланган. Ва бу ўша куни Харкив навбатдаги марта ўққа тутилиши эди.

Ўт ўчирувчи Россия зарбасидан кейин ёниб кетган корхона ҳудудида ишламоқда. Харкив расмийларига кўра, ёнғин объектга уриб туширилган «Геран-2» камикадзе дрони тушиши оқибатида юзага келган — РФ қуролли кучларида эронликлар ишлаб чиқарган Shahed 136 дронларини шундай аташади.
Pavlo Pakhomenko / NurPhoto / Getty Images


4 май куни Харкивдаги пабликлар хабар беришича, корхона ҳудудида камида уч минг квадрат метр майдонни ёнғин қамраб олган
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA


Украин расмийларига кўра, Харкивга 4 майга ўтар кечаси камида 13 та «Геран» билан ҳужум қилинган — ва уларнинг барчаси шаҳардаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганига қарамай, парчалар тушиши бир неча жойда ёнғинлар келтириб чиқарган ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлишига олиб келган
Yakiv Liashenko / EPA / Scanpix / LETA


Харкив сўнгги ойлар давомида РФ қуролли кучлари томонидан ёппасига ўққа тутилмоқда. 5 майга ўтар кечаси ҳам россияликлар дрони шаҳарга яна бир бор ҳужум қилган
Andrii Marienko / AP / Scanpix / LETA


Фотода — 4 майга ўтар кечаси уриб туширилган дрон қулаган уйда ёнғинга қарши курашаётган ўт ўчирувчилар
Andrii Marienko / AP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари жангчилари ва «Вампир» дронлари

Дронлар уруши — Россия ва Украина армиялари қарама-қаршилигидаги муҳим фронтлардан бири саналади. Интенсив ҳарбий ҳаракатларнинг икки йилдан ошиқ вақти давомида икки томон ҳам дронларнинг замонавий можаролардаги аҳамиятини англаган ҳолда пилотсиз учиш қурилмалари технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш мақсадларига катта ресурслар сарфламоқда. Айниқса Украина қуролли кучлари учун дронлар ўта муҳим: Американинг янги ҳарбий ёрдами ҳали фронтга етиб бормаган шароитда дронлар РФ қуролли кучларининг ҳужумини тўхтатиб туриш ҳамда бошқа ресурслар тақчиллигини билинтирмай, техникалар ва жонли кучларга зарба бериш имкониятини тақдим этади.

Украина қуролли кучлари қўллаётган самарали дронлардан бири — Vampire. Дронлар орасидаги ҳақиқий «бомбардимончи» саналган ушбу қурилма йирик қишлоқ хўжалик дронлари технологияси базасида яратилган. Бундай дрон 10 килограммдан ортиқ фойдали юк олиб юриши мумкин (масалан, танкка қарши бир нечта мина ташлаши ёки ўнлаб гранаталар улоқтириши мумкин; шунингдек, олдинги чизиқдаги жангчиларга зарур маҳсулотлар ва дори-дармонлар элтиб беради) ва тепловизорлар ҳисобига тунда ҳам ишлайди
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA


Фотода 92-алоҳида штурм бригадаси «Ахиллес» баталёни жангчиси Донецк области шарқида «Вампир» дронлардан бирининг синов парвозини ўтказмоқда. «Ахиллес» — пилотсиз авиациянинг ихтисослашган баталёни бўлиб, шу номли ротадан ўсиб чиққан. РФ қуролли кучлари позицияларида самарали разведка ишлари олиб бориш ва зарбалар йўллаш учун Украина қуролли кучлари сафларида бундай тузилмалар сони ортиб бормоқда
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA


Vampire дронлари кўпинча нисбатан кичик дронлар билан алоқа ретранслятори вазифасини ҳам бажариб, бундай дронлар орқали каттароқ масофадаги нишонларга зарбалар берилишини таъминлайди. Россия ҳарбийлари бундай аппаратларни «Баба-яга» деб атайди — бу орқали уларнинг юқори самарадорлигини эътироф этишади
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA


Фотода «Ахиллес» жангчилари 1 майга ўтар кечаси Часив Яр шаҳри яқинида миссияни муваффақиятли бажариб қайтган «Вампир»ни кутиб олиши акс этган. Россия армияси сўнгги ҳафталар давомида Часив Ярни штурм қилишга тайёрланмоқда — шундан кейин 2022 йил ёзидан буён энг йирик қарши ҳужумини бошлаши мумкин
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA


Манба: Kun.uz Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада урушнинг 801-куни: Одессадаги ёнғинлар ва Часив Яр атрофида жанг қилаётган «Вампир»