15:23 / 08.05.2024
465

Россия яна бир бор Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади

Россия яна бир бор Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади
Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм канали
РФ қўшини 8 майга ўтар кечаси Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади, деб хабар қилди Украина қуролли кучлари бош штаби. Украин ҳарбийлари маълумотига кўра, тинч аҳоли вакиллари яраланган, кўп қаватли уйлар ва бошқа фуқаролик ҳамда энергетика инфратузилмалари объектлари вайрон бўлган ёки шикастланган.

Россия қўшини Полтава, Кировоград, Запорижжя, Лвив, Ивано-Франковск ва Винница областларидаги электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш объектларига ҳужум қилган, деб хабар берди Украина энергетика вазири Герман Галушченко. ДТЭК энергетика компанияси Россия учта иссиқлик электр станциясига ҳужум қилгани ва ускуналар жиддий шикастланганини маълум қилган.

Мамлакат ички ишлар вазири Игор Клименконинг маълум қилишича, Россия қўшини Украинанинг жами еттита регионига ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, энергетика объектлари, 30 га яқин турар жойлар, жамоат транспорти, автомобиллар, шунингдек Запорижжядаги ўт ўчириш-қутқариш қисми шикастланган. Уч киши яралангани маълум: Киев областида икки киши, Кировоград областида бир бола жабрланган.

Киев области маъмурияти раҳбари Руслан Кравченконинг маълум қилишича, областда турар жой объектлари ёки ўта муҳим инфратузилма объектларига зарбалар келиб тушмаган. «Шу билан бирга, областнинг тўрт ҳудудида парчалар тушиши ҳолати кузатилди», — дея хабар қилган Кравченко. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан икки нафари яраланган. Улар фуқаролик инфратузилма объектидаги ёнғин вақтида жароҳатланган, деб хабар беради Бровари шаҳри мэри Игор Сапожко. Кравченконинг аниқлик киритишича, областда электр тармоқлари линияси шикастланган, қишлоқлардан бирида электр ўчган. Парчалар тушиши оқибатида 14 та хусусий уйл ва бир автомобил шикастланган.

Киев областида ракета зарбаси оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар, 2024 йил 8 май
Украина ФВДХ

Лвив областида Россия қўшини энергетика инфратузилмасининг икки объектига ҳужум қилган, деб хабар беради регион ҳарбий маъмурияти бошлиғи Максим Козицкий. Унинг сўзларига кўра, эрталабки соат беш атрофида россияликларнинг қанотли ракеталари Червоноград районидаги электр энергияси ишлаб чиқариш объектига келиб урилган, икки жойда ёнғин чиққан. Бундан ташқари, россияликлар ракетаси урилиши оқибатида Стрийск районида энергетика инфратузилма объекти шикастланган. Областда эрталабки соат 06:27 да эълон қилинган такрорий ҳаво тревогаси чоғида Россия қўшини «Кинжал» ракеталарини қўллаган. Козицкийнинг сўзларига кўра, критик ва турар жой инфратузилмалари шикастланмаган. Жароҳатланганлар йўқ.

Кировоград областида ракета ҳужуми оқибатида Александрийск районида критик инфратузилма объекти шикастланган, деб хабар беради област ҳарбий маъмурияти раҳбари Андрей Райкович. Унинг сўзларига кўра, 13 та хусусий уй ва 30 га яқин гаражлар шикастланган. Саккиз ёшли бола яраланган.

Полтава областида шу номли районда энергетика инфратузилма объектига зарба берилган, деб хабар қилган регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Филипп Пронин. Дастлабки маълумотларга кўра, област ҳудудида жароҳатланганлар йўқ.

Винница областида ҳам критик инфратузилма объектлари зарба қанотли ракеталар зарбаларига учраган, деб хабар берган ҳудуд раҳбари Сергей Борзов.

Запорижжя областида ҳужум оқибатида критик ва фуқаролик инфратузилма объектлари вайрон бўлган, дастлабки маълумотларга кўра, жароҳат олганлар йўқ, деган област маъмурияти раҳбари Иван Федоров.

Ивано-Франковск областида энергетика инфратузилма объекти ракета зарбасига учраган, ёнғин келиб чиққан, уни тезда бартараф этишган, деган област раҳбари Светлана Онишчук.

Россия 8 май тонгида Херсонда фуқаролик темирйўл инфратузилмасига зарба берди, деб хабар қилган «Укрзалізниця» компанияси. Зарбалар оқибатида темирйўл ва вокзал шикастланган. Киев ва Херсон оралиғида поездлар ҳаракати вақтинча Миколайивга қадар тўхтатилган, йўловчилар бу ердан Херсонга қадар автобусларда элтиб қўйилади. Бундан ташқари, Херсон шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Мрочконинг хабар қилишича, шаҳар ўққа тутилиши туфайли контакт тармоғи шикастланган, шу туфайли электр энергияси узатишда узилишлар бўлиши мумкин.

Россия қўшини Украинага ҳаво ҳужумининг 76 та воситаси — 55 та ракета ва «Шоҳид» типидаги 21 та зарбдор дрон билан ҳужум қилган, деди Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук. Унинг сўзларига кўра, РФ қўшини битта «Кинжал» ракетаси, «Искандер-М» комплексидан учирилган иккита баллистик ракета, «Калибр» русумли тўртта қанотли ракета, «Искандер-К» комплексидан учирилган ракета, Х-59/Х-69 русумли иккита бошқарилувчи авиация ракеталари, шунингдек Х-101/Х-555 русумли 45 та қанотли ракеталардан фойдаланган.

Олешчукнинг тасдиқлашича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳаводаги 59 та нишонни уриб туширган: Х-101/Х-555 русумли 33 та қанотли ракеталар, «Калибр» русумли тўртта қанотли ракеталар, иккита Х-59/Х-69 ракеталари, шунингдек 20 та учувчисиз учиш аппаратларини.

Украина президенти Володимир Зеленский ёпирилма зарбалар юзасидан муносабат билдириб, РФ президенти Владимир Путинни нацист деб атади. «Иккинчи жаҳон уруши даврида нацизм устидан ғалаба қозонилган Ғалаба ва хотира кунида нацист Путин томонидан ракета зарбаси. <…> Бутун дунё ким аслида кимлигини аниқ тушуниши керак. Бутун дунёнинг нацизмга яна бир имкон беришга ҳаққи йўқ», — деган Зеленский. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия яна бир бор Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади