09:34 / 23.05.2024
187

Байден Фаластиннинг бир томонлама тан олинишини рад этади

Байден Фаластиннинг бир томонлама тан олинишини рад этади
Фото: Elizabeth Frantz/Reuters
АҚШ президенти Жо Байден мустақил Фаластин давлатини бир томонлама тан олишни рад этади. 22 май, чоршанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) вакили Эдриенн Уотсоннинг айтишича, Байден «икки халқ учун икки давлат» концепцияси қатъий тарафдори ва бутун сиёсий фаолияти давомида уни ёқлаб келган. Оқ уй раҳбарининг ишончи комилки, Фаластин давлати «бир томонлама тан олиш йўли билан эмас, балки икки томон ўртасида тўғридан тўғри музокаралар йўли билан» яратилиши керак», деб таъкидлади Уотсон. У Испания, Ирландия ва Норвегиянинг мустақил Фаластин давлатини тан олиш қарори ҳақидаги баёнотларига бевосита изоҳ бермади.

Шу куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистларга ҳар бир давлат мустақил равишда Фаластин давлатини тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлигини айтди, деб ёзади Reuters.

Бир неча кун олдин БМТ Бош ассамблеяси 143 овоз билан фаластинликларга Бирлашган Миллатлар Ташкилотида янги «ҳуқуқ ва имтиёзлар» беришга қарор қилди. Германия, Австрия, Британия, Италия ва Украина овоз беришда бетараф қолди. АҚШ, Исроил, Венгрия ва Чехия қарши овоз берди.

Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластинни давлат сифатида тан олади

Норвегия, Испания ва Ирландия 28 май куни Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди. «Ўн минглаб қурбонлар ва ярадорлар билан давом этаётган урушда биз исроилликлар ва фаластинликлар учун сиёсий ечим таклиф қиладиган ягона муқобилни сақлаб қолишимиз керак: тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшайдиган икки давлат», - деди Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре 22 май куни.

Ирландия бош вазири Саймон Харрис Европа учта давлати томонидан Фаластиннинг келишиб тан олинишини «Ирландия ва Фаластин учун тарихий ва муҳим кун» деб атади. Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олиш ҳақида баёнот берди. Бошқа Европа давлатлари ҳам уч давлатдан ўрнак олиши кутилмоқда. Швеция 2014 йил октябр ойида Фаластинни суверен давлат сифатида тан олган.

Норвегия бош вазири Стёре ўз баёнотида Фаластин ва Исроил ўртасидаги ҳудудни чегаралаш 1967 йилгача бўлган чегаралар асосида амалга оширилиши, Қуддус ҳар икки давлатнинг пойтахти бўлиши кераклиги, шу билан бирга, чегаралар бўйича якуний келишув тузилиб, ҳудудлар алмашишга рухсат берилиши лозимлигини таъкидлади.

Исроил - Осло ва Дублин позициясига қарши

Исроил Фаластинни тан олишга мутлақо қарши. Яқинда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Фаластин маъмурияти суверен давлат бўлиш мезонларига жавоб бермаслигини айтди.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац 22 май куни ўз мамлакатининг Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини зудлик билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун чақириб олди. «Мен Ирландия ва Норвегияга аниқ ва равшан хабар юбораман: бошқалар унинг суверенитети ва хавфсизлигига путур етказар экан, Исроил жим турмайди», - деди у.

«Исроил жим турмайди, жиддий оқибатлар бўлади», - дея огоҳлантирди исроиллик вазир ва Испания Фаластинни тан олганини расман эълон қилиши биланоқ Исроилнинг Мадриддаги элчиси чақириб олинишини қўшимча қилди. Испания Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётининг Европадаги энг қатъий танқидчиларидан бири бўлиб, октябр ойида бу мамлакатга қурол экспортини тўхтатган эди.

Германия ҳали Фаластин давлатини тан олмайди

Айни дамда Германия мустақил Фаластин давлатини тан олишга қарор қилган Норвегия, Испания ва Ирландиядан ўрнак олмайди, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили 22 май куни Берлинда. «Мустақил Фаластин давлати Германия ташқи сиёсатининг қатъий мақсади бўлиб қолмоқда», аммо уни тан олиш масаласи фақат уни ташкил этиш йўлидаги сиёсий жараён кун тартибида бўлади», деди у. Шу сабабли, ташқи ишлар вазирлиги вакилига кўра, Германия узоқ вақтдан бери Фаластин институтларини яратиш ва ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаб келади.

Охир оқибат, «икки халқ учун икки давлат» тушунчасигина фаластинликларга ҳам, исроилликларга ҳам тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшаш имкониятини яратади, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили. У бу мавзу бўйича музокаралар зарурати ҳозир жуда муҳимлигини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден Фаластиннинг бир томонлама тан олинишини рад этади