date
views 779

Куба: Россиянинг атом сувости кемаси келаси ҳафта келади

Куба: Россиянинг атом сувости кемаси келаси ҳафта келади
Фото: Juancho Torres/Anadolu/picture alliance
Россиянинг «Казань» атом сувости кемаси ва Россия ҳарбий-денгиз кучларининг яна учта кемаси – «Адмирал Горшков» ракета фрегати, «Академик Пашин» денгиз танкери ва «Николай Чикер» қутқарув буксири 12 июн куни Куба пойтахти Ҳавана портига кириб келади ва у ерда 5 кун қолади, деб хабар берди Куба Мудофаа вазирлиги 6 июн, пайшанба куни. «Кемаларнинг ҳеч бири ядровий қуролга эга эмас», деб аниқлик киритди вазирлик ва уларнинг Кубада бўлиши «минтақа учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди» деб ишонтирди.

«Тўхташ вақтида россиялик денгизчилар Куба ҳарбий флоти қўмондони ва Ҳавана губернатори билан учрашув ўтказадилар, шунингдек, улар шаҳарнинг тарихий ва маданий жойларига экскурсия қилишади», — дейилади «Интерфакс» агентлиги келтирган ҳужжат матнида.

Кубанинг Россия билан муносабатлари мустаҳкамланиши

Россия ҳарбий кемаларининг АҚШ қирғоқларига жуда яқин масофада ғайриоддий тарзда жойлаштирилиши Россиянинг Украинадаги уруши туфайли Россия ва Ғарб ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда юз берди, деб ёзади AFP.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги совуқ уруш даврида Куба ўша пайтдаги Совет Иттифоқининг муҳим иттифоқчиси эди. Совет ядровий ракеталарининг оролда жойлаштирилиши 1962 йилги Куба ракета инқирозига сабаб бўлди, ўшанда дунё АҚШ ва СССР ўртасидаги ядро урушига жуда яқин келди.

Агентликнинг қайд этишича, 2022 йил феврал ойида уруш бошланганидан кейин Россия Федерацияси Куба коммунистик ҳукумати билан муносабатларни мустаҳкамлаш жараёнини тиклади. Ўша йилнинг ноябр ойида президент Мигел Диас-Канел Москвага ташриф буюриб, Кремл раҳбари Владимир Путин билан учрашди ва 2023 йил апрел ойида у Россияни «Ғарбга қарши курашда Куба сўзсиз қўллаб-қувватлашига» ишонтирди. Куба Россиянинг Украинага ҳужумини қораламади.

Байден: Украина Москвага АҚШ қуроллари билан ҳужум қила олмайди

Киевга топширилган Америка қуроллари Москва ёки чегарадан сезиларли узоқ масофада жойлашган бошқа ҳудудларга ҳужум қилиш учун ишлатилмаслиги керак, деди АҚШ президенти Жо Байден. Вашингтон ушбу қуролларни Россия ҳудудида Украина билан чегарага яқин жойда ишлатишга рухсат берди, деди у бир кун аввал ABC News телеканалига берган интервюсида.

Аввалроқ, Россиянинг Харкив вилоятига ҳужумлари кучайиши фонида Вашингтон Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат бергани маълум бўлди. Бироқ, Politico ва CNN таъкидлаганидек, рухсат Россия Федерацияси томонидан ҳужумларга дучор бўлган Харкивни ҳимоя қилиш учун Харкив вилояти билан чегарадаги ҳудудларга тегишли.

Путин Ғарбга «ассиметрик жавоб» билан таҳдид қилди

5 июн куни Петербург халқаро иқтисодий форумида журналистларнинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди ҳақидаги саволига Путин «ядро таёқчасини силкитмаётганини» айтди ва шу билан бирга, Россия Федерациясининг ядровий доктринасига мувофиқ бундай қуроллардан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди.

Кремл раҳбари агар Россия ҳудудига Украина томонидан Ғарбдан етказиб берилган қуроллар ёрдамида ҳужум қилинса, Ғарбга «ассиметрик жавоб» билан таҳдид қилди, дея хабар беради dpa. Хусусан, Москва ўз қуролларини дунёнинг бошқа минтақаларига жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, у ердан Россия Федерациясига қарши қаратилган қуроллар келиб чиққан мамлакатларга ҳужум қилиш учун фойдаланиш мумкин, деди Путин. «Бу жавоб ассиметрик бўлиши мумкинлигини англатади», дея қўшимча қилди у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Куба: Россиянинг атом сувости кемаси келаси ҳафта келади