16:19 / 22.07.2024
85

Демократлар Ҳарриснинг кампаниясига рекорд даражада маблағ йиғди

Демократлар Ҳарриснинг кампаниясига рекорд даражада маблағ йиғди
Фото: AFP
Жо Байден сайлов пойгасидан чиқишини эълон қилганидан бери АҚШ Демократик партияси кичик донорлар учун ActBlue платформасида 55 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғишга муваффақ бўлди. Тегишли маълумот 22 июл, душанба куни Politico томонидан тақдим этилган.

Эълондан сўнг дастлабки беш соат ичида 27,5 миллион доллар йиғилди. Кейинчалик ActBlue бир суткадан камроқ вақт ичида 46,7 миллион доллар тўплагани ҳақида хабар берди, бу 2024 йил учун кунлик рекорддир. Пул Камала Ҳарриснинг сайловолди кампаниясига ҳам, сайловда қатнашадиган бошқа демократ номзодларга ҳам йўналтирилади.

Маблағлар оқими «биз ҳозиргача кўрмаган демократик иштиёқни» акс эттиради, деб таъкидлайди Politico. Платформага кўра, йиғилган маблағ 2020 йилги рекорддан пастроқ. Ўшанда АҚШ Олий судининг энг кекса аъзоси Рут Бейдер Гинзбург вафотидан кейин бир кунда 70,6 миллион доллар йиғилган.

Жо Байденнинг сайловдан воз кечиши ва Камала Ҳаррис номзоди

Жо Байден 21 июл куни АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади.

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. «Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!» - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кейинчалик амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. Америка ОАВ унинг сўзларидан иқтибос келтирди: «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман». Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Демократлар Ҳарриснинг кампаниясига рекорд даражада маблағ йиғди