Фото: РИА Новости
АҚШ разведкаси Россия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган RT хорижий телеканали (собиқ Russia Today номи билан машҳур) нафақат ташвиқот билан шуғулланаётганини, балки бутун дунё бўйлаб Россия разведка операцияларида фаол иштирок этишини аниқлади. Бу ҳақда 13 сентябр, жума куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, деб ёзади CNN.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, бир йилдан кўпроқ вақт олдин Россия ҳукумати RT таркибида турли мамлакатларда разведка маълумотларини тўплайдиган ва уларда таъсир қилиш операцияларини ўтказувчи, жумладан, у ердаги сайловларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилувчи бўлинмани яширинча ўрнатган. Вашингтон Молдовада «душман таъсири кампанияси»ни мисол қилиб келтирди, у ерда кузда президентлик сайловлари ва Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича референдум бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, RT Украинада жанг қилаётган россиялик аскарлар учун қурол-яроғ ва жиҳозлар сотиб олиш учун маблағ йиғишни ташкил қилди, деди АҚШ давлат котиби. Унинг сўзларига кўра, натижада Россия қуролли кучлари «снайпер милтиқлари, қурол-яроғлар, зирҳлар, тунги кўриш мосламалари, дронлар, радиотехника, нишонга олиш воситалари ва дизел генераторларини» олди.
Шу муносабат билан Қўшма Штатлар RT’ни фош қилиш ва Россия тарғибот телеканалининг бутун дунё бўйлаб таъсирини заифлаштириш устида ишловчи давлатлар коалициясини тузиш ниятида, деди Энтони Блинкен.
13 сентябр куни АҚШ молия вазирлиги таркибига RT кирувчи «Россия сегодня» медиа-гуруҳи ва унинг бош директори Дмитрий Киселевга қарши янги санкциялар жорий этилгани ҳақида эълон қилди.
RT ва Симонянга қарши АҚШ санкциялари
4 сентябр куни Вашингтон RT телеканали ва унинг бир қатор юқори лавозимли ходимларига, жумладан, бош муҳаррир Маргарита Симонянга қарши санкциялар жорий этгани маълум бўлди. Жазо чоралари «Москванинг 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринишлари»га жавобан жорий қилинган», дея тушунтирди АҚШ молия вазирлиги.
Ушбу чекловлар «Россия сегодня» ва унинг бешта шуъба корхонасига нисбатан илгари киритилган санкцияларни тўлдиради. Буларга RT’дан ташқари «РИА Новости» ахборот агентлиги, «ТВ-Новости» медиа-ҳолдинги, Ruptly видео-агентлиги ва Sputnik радиоси киради.
АҚШ Молия вазирлигининг таъкидлашича, Россия ҳукумат идоралари АҚШдаги «сайлов жараёнларига ишончни сусайтириш» ва уларнинг натижаларига таъсир қилиш учун сунъий интеллект технологиялари, дипфейклар ва дезинформациядан фойдаланмоқда. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби айтишича, RT Россия президенти Владимир Путинни хабардор қилган ҳолда ишламоқда.
ЕИ Европада RT кўрсатувларини тақиқлади
2022 йил декабр ойида «ТВ-Новости» медиа-ҳолдинги Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилди. Брюсселнинг таъкидлашича, Россия Федерацияси давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ушбу тузилма Россия ташвиқотини тарқатади ва Украинада содир бўлаётган воқеалар ҳақида янглиш тасаввур яратади.
2022 йил 2 февралда Лицензиялаш ва назорат қилиш комиссияси (ZAK) - Германиядаги радио- ва теле-дастурлар давлат регулятори - RT DE телеканалининг Германияда трансляциясини тақиқлаб, каналнинг мамлакатда трансляция қилиш учун лицензияси йўқлигини тушунтирди, у эса амалдаги «Германияда оммавий ахборот воситаларини тартибга солишни модернизация қилиш тўғрисидаги давлат қонуни»га мувофиқ талаб қилинади.
2022 йил 1 мартда ЕИ кенгаши Европа Иттифоқида жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий ахборот воситалари сифатида RT English, RT UK, RT Germany, RT France, RT Spanish ва Sputnik трансляциясини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»