Фото: Baz Ratner/AP Photo/picture alliance
Исроил Ливан жанубидаги чегара ҳудудида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонларига қарши «чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли рейдлар» бошлади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 1 октябр, сешанбага ўтар кечаси баёнот берди.
Баёнотда, Исроил ҳаво кучлари ва ЦАҲАЛ артиллерияси ҳудуддаги ҳарбий нишонларга «аниқ зарбалар» бериб, Исроил қуруқликдаги кучларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади. «Шимол ўқлари» операцияси мавжуд вазиятни баҳолашга мувофиқ ва Ғазо сектори ва бошқа ҳудудлардаги жанглар билан параллел равишда давом этади, дея таъкидлайди ЦАҲАЛ.
Душанба куни кечқурун Al Arabiya ва Al Hadath телеканаллари Исроил танклари Рмейш қишлоғи ҳудудида жойлашгани ҳақида хабар беришди. Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация ниқоби остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бир неча соат олдин ЦАҲАЛ Исроил шимолида — Метула, Мисгав-Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди. Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекинишгани маълум бўлди.
Айни вақтда Исроил мудофаа кучларининг расмий вакили Даниэл Ҳагарий 1 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатмасликка чақирди. «Сўнгги соатларда ЦАҲАЛнинг Ливан чегарасидаги фаолияти ҳақида кўплаб хабарлар ва миш-мишлар тарқалди, — деб ёзди Ҳагарий X ижтимоий тармоғида. — Фақат расмийларга ишонинг, масъулиятсиз миш-мишларни тарқатманг». Аввалроқ баъзи исроиллик сиёсатчилар ижтимоий тармоқларда ЦАҲАЛнинг Ливандаги ҳарбий амалиёти бошланишига ишора сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган постларни эълон қилган эди.
Эронлик агент Исроилга Насруллоҳни йўқ қилишга ёрдам берган
«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати тузилмаларига кириб борган Эроннинг қўш агенти Исроил армиясига гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот берди, бу эса ЦАҲАЛга уни йўқ қилиш имконини яратди. Бу ҳақда 28 сентябр куни Франциянинг Le Parisien газетаси Ливан хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 27 сентябр куни Ҳасан Насруллоҳ бир кун аввал Исроил ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» учувчисиз учоқлар бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Ҳусайн Срурнинг дафн маросимида иштирок этган. Дафн маросими гуруҳнинг ерости қўмондонлик марказидан унча узоқ бўлмаган Ҳарет-Хрейк ҳудудида бўлиб ўтди. Айни вақтда бункерларни йўқ қиладиган бомбалар билан жиҳозланган Исроилнинг F-35 қирувчи самолётлари пистирмада туриб, нишоннинг «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳига қайтишини кутишган.
Куннинг иккинчи ярмида эронлик агент исроилликларга Насруллоҳнинг яқин орада етиб бориши ҳақида хабар берди. У дафн маросимидан сўнг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг нуфузли бўлинмаси - "Ал-Қудс" кучлари қўмондони ўринбосари, эронлик генерал-майор Аббос Нилфорушаннинг машинасида ўз қароргоҳига етиб келди. Гуруҳнинг фавқулодда йиғилишида Насруллоҳдан ташқари яна 12 нафар қўмондон иштирок этган.
Le Parisien нашри хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари портлаш буйруғини беришдан олдин ҳамма бир хонада йиғилишини кутган. Газета манбасига кўра, ЦАҲАЛ учувчилари «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлик марказига ҳар бири икки тонна оғирликдаги олтита бомба ташлаган. Аввалроқ Исроилнинг Ynet портали гуруҳнинг қўмондонлик марказига ташланган бомбаларнинг умумий оғирлиги 80 тоннадан ошганини таъкидлаган эди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»