15:50 / 08.10.2024
25

Ўзбекистон ҳарбийлари халқаро “Кембрия патрули” танловида 2-ўринни олди

Ўзбекистон ҳарбийлари халқаро “Кембрия патрули” танловида 2-ўринни олди
Фото: “Дунё” АА
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси “Кембрия патрули 2024” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Маълум қилинишича дунёнинг энг мураккаб ва нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларидан бири бўлган “Кембрия патрули” 4—7 октябрь кунлари Уэлсда (Буюк Британия) ўтказилди. Жорий йилдаги мусобақаларда 30 дан ортиқ мамлакатлардан, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Германия, Латвия, Қозоғистон, Туркманистон, Италия ва бошқа давлатлардан 100 дан ортиқ жамоа иштирок этди.

Ҳар бир жамоа 70 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, энг мураккаб табиий ва тактик тўсиқларни енгди. Ҳар 8-10 километрда маршрутнинг турли жойларида иштирокчилар кимёвий ва биологик таҳдид шароитида ҳаракат қилиш, ҳужум операциялари ва мураккаб жойларда йўналишни топиш каби жанговар вазифаларни бажарди.

Умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, британиялик ҳарбий мутахассислар Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг тайёргарлик даражасини юксак баҳолаб, уларнинг профессионализми ва жанговар вазифаларни бажаришдаги мукаммал кўникмаларини эътироф этди”, дейилади хабарда.

“Кембрия патрули” 60 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мусобақа дунё бўйлаб ҳарбий бўлинмаларни ҳақиқий жанговар шароитларда уларнинг жанговар кўникмалари ва чидамлилигини синовдан ўтказиш учун бирлаштиради. Унда иштирокчи бўлинмалар 48 соатдан камроқ вақт ичида 70 километр масофани босиб ўтиб, кўплаб ҳарбий манёврлар ва патруллик вазифаларини бажаради. Машғулотлар Уэлснинг марказий қисмидаги тоғлар ва ботқоқликлар каби ўтиш қийин бўлган ҳудудларда ўтказилади.

“Кембрия патрули” биринчи марта 1959 йил августда генерал майор Льюис Пю томонидан ташкил этилган бўлиб, ўша вақтда бўлинмалар Уэлснинг ғарбий қирғоғидаги Тонфанау шаҳридан Кембрия тоғлари бўйлаб узоқ масофага марш-бросок ўтказган. Шундан буён машғулотлар доимий равишда янгиланиб, замонавий шароитларга мослаштирилди.

Мусобақаларда жамоалар саккиз нафар эркак ёки аёллардан ташкил топган ҳолда мураккаб ҳудудларда патруллик қилади. Бу синов лидерлик қобилияти, ўз-ўзини бошқариш, жасорат, жисмоний чидамлилик ва қатъиятликни талаб этади.

Кўплаб жамоалар мусобақани якунлай олмайди, маррага етиб борганлар эса учта мукофот — олтин, кумуш ёки бронза медалларидан бири қўлга киритади.

Ўзбекистон разведкачилари “Кембрия патрули” мусобақасида 2017 йили 2-ўринни, 2018 ва 2019 йилларда биринчи ўринларни қўлга киритган. 2021 йилда яна 2-ўринни эгаллади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон ҳарбийлари халқаро “Кембрия патрули” танловида 2-ўринни олди