09:46 / 10.10.2024
24

Россияда мамлакатни тарк этган фуқароларнинг мол-мулкини хатлашга рухсат берилиши мумкин

Россияда мамлакатни тарк этган фуқароларнинг мол-мулкини хатлашга рухсат берилиши мумкин
Фото: ТАСС
Татаристон Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулкини хатлаш ҳуқуқини берадиган қонун лойиҳасини Давлат думасига киритади. Бу ҳақда Татаристон Давлат кенгаши қўмитаси раиси Александр Чубаров маълум қилди.

«Биз мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик. Татаристон Республикаси Давлат кенгаши Қонунчилик ва тартиб бўйича қўмитаси томонидан бугунги сессияда уни Давлат думасига юбориш маъқулланди», — дейди Чубаров.

Унинг қўшимча қилишича, кодексга киритиладиган ўзгартириш орқали мамлакатни тарк этган шахсларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган тақдирда, уларнинг Россия ҳудудидаги мол-мулкини хатлаш имкони берилади.

Татаристон депутатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтган йили ўзгартириш киритишни таклиф қилганди. Август ойида Россия ҳукумати чет элда яшаб, у ерда ҳуқуқбузарлик содир этадиган россияликларга маъмурий баённомалар тузиш имконини берадиган ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди.

Чубаровнинг айтишича, қонун лойиҳасига кўра, «Россия Федерацияси манфаатларига қарши» ҳар қандай ҳаракатлар учун эмигрантларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиши мумкин. Хусусан, бу экстремизм, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш ва «Россия армиясини обрўсизлантириш» билан боғлиқ моддаларга ҳам тааллуқли.

Таъкидланишича, хорижий давлатлар ҳудудларида «турли жамоат етакчилари ва фаоллари Россия Федерацияси манфаатларига қарши қаратилган фаолиятни амалга ошириб келади», аммо уларни жавобгарликка тортиш имконсиз.

Қонун лойиҳаси билан РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда, бу эса қонунбузарларни сиртдан маъмурий жавобгарликка тортиш имконини беради.

RTVI’нинг ёзишича, Россия ҳукумати жиноий моддалар сонини оширишни режалаштирмоқда — унинг доирасида «Росфинмониторинг» томонидан гумонланаётган ва айбланаётганлар экстремизм ёки терроризмга алоқадор шахслар рўйхатига киритилиши ҳамда уларнинг банк ҳисобрақамлари блокланиши мумкин.

Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг кейинги 100 йил ичида Россияда рўй берган энг йирик сиёсий иммиграция ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг янада кучайган, Европа давлатлари, Туркия ва собиқ иттифоқ давлатларини Россия паспорти соҳиблари билан тўлдирган. The Bell нашрининг жаҳоннинг 70 та давлати миграция хизматига асосланиб ҳисоблашича, 2024 йилнинг июл ойи ҳолатига 700 мингдан ортиқ релокантлар Россияга қайтмаган.

Россия, Мамлакат, Тарк этган, Фуқаролар, Мол-мулки, Хатлаш

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда мамлакатни тарк этган фуқароларнинг мол-мулкини хатлашга рухсат берилиши мумкин