20:17 / 14.10.2024
63

DeepState: РФ ҳарбийлари асирга олинган 9 украиналикни отиб ташлади

DeepState: РФ ҳарбийлари асирга олинган 9 украиналикни отиб ташлади
Фото: Telegram / DeepStateUA
Россия аскарлари Курск областида таслим бўлган тўққиз нафар украиналик аскарни отиб ташлади. Бу ҳақда Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси 13 октябр, якшанба куни УҚК қуруқликдаги қўшинлари 1-алоҳида танк бригадасидаги манбаларига таяниб, ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Уларнинг маълумотларига кўра, ҳодиса 10 октябр куни Зелений Шлях поселкаси яқинида содир бўлган.

Украина Қуролли кучларининг дрон операторлари бўлган аскарлари «нисбатан орқада» эканликларига ишониб, позицияларга чиқишган, аммо рус жангчилари билан жангга киришга мажбур бўлишган. Украиналикларнинг ўқ-дорилари тугагач, улар таслим бўлди ва кейин отиб ташланди. Лойиҳа бу маълумотнинг тасдиғи сифатида гўёки украиналик аскарларнинг жасадлари акс этган аэрофотосуратни эълон қилди. Улар юзи ерга қараган ҳолда ётган.

Украина лойиҳаси таҳлилчилари, умуман олганда, Курск областидаги вазиятни Украина Қуролли кучлари учун «қувонарли эмас» деб таърифлайди. «Мудофаа кучлари барқарорлаштириш чораларини кўрмоқда, бироқ йўқотилган ютуқларни тиклаш ниҳоятда қийин», — дейилади баёнотда.

Киев: РФ ҳарбийлари камида 93 украиналик асирни қатл этди

Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери руслар томонидан асирга олинган камида 93 нафар ватандошнинг жанг майдонида қатл этилгани ҳақида маълумотга эга. Бу ҳақда 4 октябр куни Украина Бош прокуратураси вакили Юрий Белоусов телемарафон чоғида маълум қилди.

«Ҳозир бизда жанг майдонида қатл этилган 93 нафар аскаримиз ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор», — дея Белоусов сўзларидан иқтибос келтирган «Укринформ».

Украина Бош прокуратураси вакилининг сўзларига кўра, Киевга маълум бўлган қатлларнинг 80 фоизи 2024 йилда қайд этилган. Россия кучлари томонидан украиналик асирларга нисбатан ёмон муносабат 2023 йил ноябридан бери кузатилмоқда, деди Белоусов.

Украина Бош прокуратураси Украина Қуролли кучларининг асирга олинган аскарларининг қатл этилгани ҳақида маълумот олишда давом этмоқда, деди Белоусов. Киевга сўнгги бундай ҳолат 3 октябр куни маълум бўлди.

«Telegram-каналларда бошқа бир ҳарбий хизматчининг шафқатсиз қатл этилгани акс этган видео тарқалди, биз зудлик билан «СБУ» Бош тергов бошқармасида яна бир жиноий иш қўзғатилганини қайд этдик», — деди Белоусов.

Россия аскарлари, Курск области, Таслим бўлган, Украиналик аскарлар, Отиб ташлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » DeepState: РФ ҳарбийлари асирга олинган 9 украиналикни отиб ташлади