23:08 / 17.10.2024
26

Президентлик пойгаси: Трамп Пенсилванияда дискотека уюштирди, Ҳаррис қора танлилар ва лотин америкаликлар овози учун курашмоқда

Президентлик пойгаси: Трамп Пенсилванияда дискотека уюштирди, Ҳаррис қора танлилар ва лотин америкаликлар овози учун курашмоқда
Фото: Reuters
Икки номзод ҳам фаол сайловолди кампанияси олиб бормоқда ва бир-бирининг манзилига айбловлар йўлламоқда. BBC сўнгги кунлардаги энг муҳим воқеаларни келтирди.

ABC News телеканали ва 538 сайти ўтказган сўнгги сўровнома кўрсатишича, Ҳаррис учун америкаликларнинг 48 фоизга яқини, Трамп учун - 46 фоиз атрофидаги қисми овоз беришга тайёр.

Аммо сайловлар тақдири номзод сайловчилар орасида кўпроқ машҳурлигига эмас, балки сайловчи делегатлар сонига боғлиқ, муайян штатда кўп овоз олган номзодга шу штатдаги овозларнинг барчаси берилади. Шунинг учун, бор эътибор номзодлар орасидаги фарқ жуда кичик бўладиган иккиланувчи штатларга қаратилган.

Ҳозирда еттита иккиланувчи штатда ҳам номзодлар орасидаги фарқ жуда яқин, шу туфайли пойгада аслида ким етакчилик қилаётганини айтиб бўлмайди.

Сўровлар ҳақида батафсил мазкур ҳавола орқали кузатиш мумкин (у янги маълумотлар келиши билан янгилаб борилади).

Трамп «сунъий уруғлантириш отаси» эканини айтди

Трамп ва Ҳаррис ўртасидаги охирги «айтишув» чоршанба куни бўлиб ўтди.

Аёллардан иборат аудитория қаршисида чиқиш қилган Трампдан аёлларнинг ўз таналарига эгалик қилиш ҳуқуқини қандай кафолатлаши ҳақида сўрашди. Бу саволга аниқ жавоб бўлмади.

Трамп 2016 йилги сайлов кампанияси чоғидаёқ аёлларнинг федерал даражадаги аборт ҳуқуқини бекор қилиш учун АҚШ Олий судига ўз одамларини тайинлашини ваъда қилганди.

У ўз сўзида туради — ва 2022 йилда АҚШ Олийсуд 1973 йилги «Роу Уэйдга қарши» иши бўйича тарихий қарорини бекор қилади. Қарор АҚШ Конституциясида белгиланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи аёлнинг ҳомиладорликни тўхтатиш имкониятини ҳимоя қилишини англатарди.

Шундан кейин аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқи АҚШнинг алоҳида штатлари томонидан тартибга солинадиган бўлди — ва уларнинг айримлари кўп ҳолларда ҳомиладорликни тўхтатишни тақиқлашни жорий қилган.

2024 йилги сайлов кампаниясида аборт ҳуқуқи энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлмоқда.

Шундан сўнг, Трампдан аёлларнинг экстракорпорал уруғлантириш технологиясидан фойдаланиш имконияти ҳақида сўрашди — ва у бунга жавобан ўзини «ЭКО отаси» деб атади.

«Биз ЭКОнинг ҳақиқий тарафдоримиз, биз ҳар жиҳатдан уруғлантириш тарафдоримиз ва демократлар бизни танқид қилишга уринган бўлса ҳам, биз ЭКО масалалари билан улардан кўра кўпроқ шуғулланамиз, шундай экан, биз барчамиз бунинг тарафдоримиз», — дея давом этган президентликка номзод.

Феврал ойида Алабама суди сунъий уруғлантириш йўли билан яратилган музлатилган эмбрионлар, амалда болалар экани тўғрисида қарор чиқарганидан сўнг, ЭКО сайловолди кампаниясидаги муҳим муаммога айланди.

«Доналд Трамп ўзини „ЭКО отаси“ деб атайди, у нима демоқчи? — дея дарҳол савол қўйди Камала Ҳаррис Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. — Унинг абортни тақиқлаши аллақачон мамлакат бўйлаб қатор штатларда бу процедурадан фойдаланиш имкониятини савол остида қолдирган, унинг сайлов дастури эса ЭКОга буткул барҳам бериши мумкин».

Трамп дискотека эълон қилди, Ҳаррис у соғломлигига умид қилмоқда

Ҳаррис ва Трамп ўртасидаги яна бир сиртқи тортишув душанба куни республикачилар номзодининг Пенсилванияда ўтказилган сайловолди митинги кадрлари «вирус»дек тарқалиши ортидан рўй берди. Унда Трамп аудиториядан келаётган саволларга жавоб қайтаришни тўхтатгани ва бунинг ўрнига ярим соат давомида саҳнада мусиқа оҳангларига рақс тушганини кўриш мумкин.

«Келинглар, саволларга бошқа жавоб бермаймиз. Келинглар, шунчаки буни мусиқа фестивалига айлантирамиз. Саволлар кимга ҳам керак, шундай эмасми?» — деган Трамп йиғилганларнинг жўшқин ҳайқириқлари остида.

Трамп Пенсилваниядаги учрашувда саволларга сўздан кўра мусиқа яхшироқ жавоб беришини айтиб, рақс туша бошлади
Камала Ҳарриснинг штабидагилар бу ҳолат юзасидан Трампнинг хаёли фаромуш кўринганини қайд этишган, Ҳарриснинг ўзи Х ижтимоий тармоғида «Умид қиламанки, у билан барчаси жойида» дея пост қолдирган.

Бундан олдинроқ Ҳаррис ўзининг тиббий картасини эълон қилган ва Трампни ҳам шундай қилишга чақирганди.

Ҳарриснинг сўзларига жавобан, Трампнинг матбуот котиби 78 ёшли номзоднинг энергия захираси ҳар қандай сиёсатчиникидан кўпроқ эканини айтди.

Аввалроқ Трампнинг кампаниясидагилар у «ҳали сиёсат тарихида мисли кўрилмаган даражадаги тиғиз тақвимдаги фаол сайловолди кампанияси олиб бораётгани»ни билдирганди.

Қайд этилишича, Ҳарриснинг кампаниясида бу қадар кўп тадбирлар белгиланмаган, чунки у «президент Трамп каби бардошли эмас».

Президентликка номзодларнинг саломатлиги масаласи демократларнинг Оқ уй раҳбарлиги учун номзоди 81 ёшли Жо Байден бўлганида кун тартибида турганди. У айнан шу борадаги хавотирлар туфайли ўз ўрнини Ҳаррисга бўшатиб берганди.

Ҳаррис ҳозирча кўплаб лотин америкаликлар ва қора танлиларни ишонтира олмади

Экспертлар Ҳарриснинг асосий сиёсий муаммоларидан бири сифатида унинг номзоди лотин америкаликлар ва афроамерикаликлар томонидан етарли даражада қўллаб-қувватланмаётганини кўрсатишади. 2016 ва 2020 йиллардаги президентлик кампаниялари вақтида Доналд Трамп уларни муваффақият билан ўз томонига оғдира олганди.

New York Times газетаси ва Siena маркази ўтказган сўровлардан бирига кўра, Ҳаррисни қора танли америкаликларнинг 78 фоизга яқини қўлламоқда — сўнгги сайловларда эса мазкур демографик гуруҳнинг 90 фоизга яқини демократларга овоз берганди. Қўллаб-қувватловдаги бундай пасайиш асосан эркаклар фикри туфайли бўлган.

Шу билан бирга, New York Times нашри ёзишича, 2016 йилда президентликка демократлардан номзодни лотин америкаликларнинг 68 фоизи қўллаган, 2020 йилда бу кўрсаткич — 62 фоизни ташкил этган, ҳозир эса, сўровларга кўра, уларнинг фақат 56 фоизи демократларни қўллашга тайёр.

Бу биринчи навбатда иқтисодий масалалар билан боғлиқ, демоқда экспертлар, аммо лотин америкаликлар ва афроамерикаликларнинг жамоалари вакиллари миграция ва ижтимоий масалаларда (сиёсий тўғрилик ва эркакларнинг жамиятдаги ўрни каби) ҳам Трамп билан ҳамфикр.

Камала Ҳаррис қора танли тадбиркорлар ва медиа фигуралар қўлловига эришиш ҳаракатида
Лотин америкалик ва афроамерикалик сайловчиларнинг каттагина қисми ҳозирги ҳукумат бошқаруви даврида инфляция ҳамда кун кечириш нархи ошганидан норози ва «Трамп иқтисодиёти»ни яхши эслайди.

«Менинг жамоамда бошқа лагерга ўтишга қарор қилган одамлар кўп. Кўпчилик энди фақат иқтисодий сабабларга кўра Трампга овоз беради, — дейди BBC учун интервюда Невадада яшовчи собиқ республикачи, бу сайловда Ҳаррисни қўллаётган Диего Арансивия. — Улар у билан ҳеч қачон бирга пивохўрлик қилмаган бўларди, аммо улар унда иқтисодий кўтарилиш учун инструментлар бор деб ўйлашмоқда».

Яна бир муҳим масала — бу иммиграция ва чегара назорати.

Трампнинг сайловолди дастуридаги марказий банд доимо чегарада назоратни кучайтириш ва миллионлаб ноқонуний муҳожирларни депорт қилиш ваъдаси бўлиб келган.

BBC журналистлари гаплашган айрим қора танли сайловчилар фикрича, АҚШга сиёсий бошпана сўраб келган одамлар ва бошқа хорижликлар қора танлиларнинг жамоаларидан улар ўнлаб йиллар давомида сўраб келган ресурсларни олиб қўймоқда.

Трампнинг ўзи буни Америкадаги лотин америкаликлар ва афроамерикаликлар жамоаларига «катта салбий таъсир кўрсатаётган» мигрантлар «босқини» деб атади.

Аризона ва Невада каби овозлар муҳим бўлган штатларда лотинамерикалик сайловчилар сони мос равишда 25 ва 20 фоиздан, муҳим штатлардан бири Жоржиядаги сайловчиларнинг 30 фоизини — қора танлилар ташкил этади. Шу туфайли, номзодлар ўртасида минимал тафовут бўлган тақдирда, аҳолининг айнан шу гуруҳлари овози ҳал қилувчи бўлиб чиқиши мумкин.

Душанба куни Ҳаррис ушбу тенденцияни ўзгартириш ва бу тоифадаги сайловчиларнинг кўпроқ қисмини ўз томонига оғдириш мақсадида штаби томонидан «қора танли эркаклар учун имкониятлар кун тартиби» деб аталган таклифлар рўйхатини эълон қилди.

Бундан ташқари, у муҳим штатлардаги қора танли тадбиркорлар ва машҳур шахслар билан учрашувлар ўтказиш ниятида.

Трамп эса, жамоатчилик ўртасидаги сўровларга таянган ҳолда, «қора танлилар ва лотин америкаликлар орасидаги тарафдорларимиз тўлиб ётибди ва бу менга ёқади» дейишда давом этмоқда.

Fox News’га интервю

Чоршанба куни Камала Ҳаррис консерватив Fox News телеканалига интервю бериб, ўз рақиби Доналд Трампни қўллаётган республикачи сайловчиларга ўз сўзларини етказишга ҳаракат қилди.

Fox бошловчиси Брет Байер билан интервю анча кескин кечди. Хусусан, Ҳаррис бир неча марта бошловчи гапини бўлиб қўйиб, янги саволларни беришни бошлаганида, ундан ўз жавобини охирига етказишга қўйиб беришни сўради.

«Менинг ҳокимиятда бўлишим Жо Байден президентлиги давоми бўлмайди ва лавозимга киришадиган ҳар бир президент каби мен ҳам ўз ҳаётий ва касбий тажрибаларимни, шунингдек, янги ғояларимни олиб кираман. Мен етакчиларнинг янги авлоди вакилиман», — деган 59 ёшли Ҳаррис Fox бошловчиси ўтган ҳафтада ABC News учун берган интервюсидаги гаплари юзасидан изоҳ сўраганида.

Ўшанда сиёсатчига ўз президентлиги даврида Байденнинг тўрт йилидан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида савол берилганди. «Хаёлимга ҳеч нарса келмаяпти», — дея тан олганди у, кейинроқ эса унинг президентлик маъмуриятида рақобатчи Республикачилар партияси вакиллари ҳам бўлишини айтганди. «Сиз боя Жо Байден ва мен ўртамдаги фарқларни сўраганмидингиз? Мана шу фарқлардан бири бўлади», — дея қайд этганди Ҳаррис.

Fox журналисти унинг кампаниясининг сайловолди шиорларига эътибор қаратган: «олдинга янги йўл» ва «саҳифани ёпиш вақти келди», шундан кейин Байден даврида уч ярим йил давомида вице-президент бўлган Ҳаррис қандай саҳифани «ёпмоқчилиги»ни сўради. Сиёсатчи эса Доналд Трампнинг «мамлакатни бўлиб ташлаш»га уринишлари ҳақидаги «саҳифани ёпмоқчилиги»ни билдирган.

«Америка президентининг кучи шундаки, у кўпчиликни ажратадиган нарсалардан кўра умумийлаштирадиган нарсалар кўпроқлигини билади», — дея қайд этган у.

Трампнинг штаби вакиллари Ҳарриснинг Fox News учун берган интервюсини ҳалокатли деб атаган.

«Камала ғазабланган, мудофаа позициясини эгаллаган ва яна бир бор америкаликлар тўқнашадиган муаммолар учун жавобгарликни ўзидан соқит қилган», — деган Трампнинг матбуот котиби Кэролайн Ливитт.

«Камала ҳеч нарсани ўзгартирмайди», — дея ёзган собиқ президентнинг ўзи ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида капслокни босган ҳолда.

Washington Post республикачиларга мойил бўлган Fox телеканалига интервю бериш Ҳаррис томонидан таваккалчилик бўлганини қайд этган.

Президентлик пойгаси, Трамп, Пенсилвания, Дискотека, Ҳаррис, Қора танлилар, Лотин америкаликлар, Овози учун

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Президентлик пойгаси: Трамп Пенсилванияда дискотека уюштирди, Ҳаррис қора танлилар ва лотин америкаликлар овози учун курашмоқда