23:50 / 19.10.2024
27

Яҳё Синвар танк зарбаси эмас, бошидан ўқ ейиши оқибатида ҳалок бўлган

Яҳё Синвар танк зарбаси эмас, бошидан ўқ ейиши оқибатида ҳалок бўлган
Фото: Shutterstock
Исроил Миллий суд-тиббиёт маркази бош патологоанатоми Хен Кугел ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар бошидан ўқ еб ўлганини айтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Жасадни очиб кўрган мутахассис сўзларига кўра, Синварда бошқа оғир жароҳатлар бўлса-да, унинг ўлимига айнан бошидаги ўқ сабаб бўлган.

Аввалроқ, Исроил ҳарбийлари Синвар яширинган бино танкдан ўққа тутилгани оқибатида ҲАМАС етакчиси ҳалок бўлганини маълум қилган эди.

«Ўлимга бош қисмидаги ўқ жароҳати сабаб бўлган. Унинг бошида ўқ бор ва оғир мия жароҳати бор», деди Синварнинг ўлим ҳақидаги гувоҳномасини имзолаган Кугел.

Кугелнинг хулосаларига изоҳ берган Исроил армияси вакили олдин ўзаро отишма бўлганини ва жанг Исроил ҳарбийлари бинони танкдан ўққа тутганидан кейин якунланганини айтди. Исроил армияси ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш устида ишламоқда, деб тушунтирди у.

Кугел ўз хулосасида жасадни текширишга асосланган таҳлилга таянганини айтди.

«Бу мен жасадда топганларимга асосланади», деди Кугел. «Унинг бошқа жароҳатлари ҳам бор, масалан, снаряд бўлагидан елка жароҳати, чап оёғига тош тушиши оқибатидаги жароҳат, кўкрагига қадалган кўплаб майда бўлаклар. Улар оғир жароҳат етказган. Аммо ўлимга бош қисмидаги ўқ жароҳати сабаб бўлди».

Синвар ўлимининг тахминий вақти ҳақида сўралганда, Кугел 16 октябр куни кечқурун, эҳтимол, жасад текширувга келтирилганидан 24 соат олдин бўлганини айтди.

CNN хабарига кўра, Синварнинг жасади Исроилда махфий жойда сақланмоқда ва расмийлар уни гаровдаги исроилликларга алмашишни маъқул кўрмоқда.

Исроил армияси ҲАМАС етакчиси, 61 ёшли Яҳё Синварнинг ўлими ҳақида 17 октябр куни хабар берди. Унинг ўлимидан кейин ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари вазифасини Холид Машал бажара бошлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яҳё Синвар танк зарбаси эмас, бошидан ўқ ейиши оқибатида ҳалок бўлган