21:19 / 23.10.2024
33

Анқара яқинидаги ҳарбий заводга ҳужум қилганлар йўқ қилинди

Анқара яқинидаги ҳарбий заводга ҳужум қилганлар йўқ қилинди
Фото: Getty Images
Анқара яқинидаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) аэрокосмик компанияси штаб-квартирасига ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 14 киши яраланган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди.

Аввалроқ корхона ҳудудида кучли портлаш рўй бериб, отишма бошлангани хабар қилинганди.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳужум қилганлардан икки нафари ўлдирилганини маълум қилган. Аввалроқ у ҳодисани теракт деб атаганди.

«Туркия аэрокосмик саноатига қарши террорчилик ҳужуми уюштирилди. Афсуски, бизда қурбонлар ва яраланганлар бор», — дея ёзганди у X ижтимоий тармоғида.

Воқеа жойидан олинган кадрларда тутун ва кучли ёнғин акс этган.

Туркия нашрларига кўра, қўриқчилар алмашаётган вақтда портлаш рўй берган; ҳужумдан кейин корхона ходимларини панагоҳларга жўнатишга тўғри келган.

Воқеа жойига ўт ўчириш ва тиббиёт бригадалари, шунингдек, полициячилар ва махсус топшириқли кучлар етиб келган.

Маҳаллий нашрларда Turkish Aerospace ҳудудига икки киши — бир эркак ва бир аёл ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатганди. Бошқа манбаларга кўра, ҳужум қилганлар сони уч нафар бўлган.

Анқара шаҳри мэри Мансур Явош ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтган: «Мен жафокашларимизга худонинг марҳамати ва ярадорларга тезда соғайиб кетишларини тилайман. Биз терроризмни қоралаймиз. Таъзиямни қабул қилинг».

Turkish Aerospace компаниясига 1973 йилда асос солинган бўлиб, Туркиянинг аэрокосмик соҳасида муҳим ўйинчи саналади, бу ерда самолётлар, вертолётлар, дронлар ҳамда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун космик сунъий йўлдош воситалари ишлаб чиқилади.

2023 йилда Turkish Aerospace Industries Inc. дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирган. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Компанияда 15 мингдан зиёд ходим, шу жумладан 7 мингга яқин муҳандислар, 6,5 мингдан ортиқ техниклар ва бошқа ишчилар меҳнат қилади.

Компания штаб-квартираси Анқарадан 40 километр шимолдаги Қаҳрамонказанда жойлашган.

Ҳодиса рўй берган вақтда Туркия мудофаа саноати бошқармаси бошлиғи Халук Гёргюн, TUSAŞ бош директори Меҳмет Демирўғли ва бошқа расмий шахслар Истанбулдаги ҳарбий кўргазмада иштирок этаётганди.

Ҳужум ҳақида хабар келгач, делегация Анқарага йўл олди, деб хабар берган Anadolu.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Анқара яқинидаги ҳарбий заводга ҳужум қилганлар йўқ қилинди