06:24 / 01.11.2024
43

Ишдан бўшатилган ходим яширин равишда Disney ресторанларидаги менюларни ўзгартириб қўйди

Ишдан бўшатилган ходим яширин равишда Disney ресторанларидаги менюларни ўзгартириб қўйди
Фото: AP
Disney компаниясининг собиқ ходими Майкл Шойер ишдан бўшатилганидан кейин Walt Disney World кўнгилочар боғи ресторанларидаги менюни бошқариш тизимига кириб, таркибида аллерген маҳсулотлар мавжуд айрим таомларга оид маълумотларни ўзгартириб қўйганликда гумонланмоқда.

Ҳужжатларда гап қайси компания ҳақида кетаётгани очиқланмаган, аммо Шойернинг адвокати бу айнан Disney эканини тасдиқлаган. Даъво аризасида қайд этилишича, Шойер бир неча бор тизимга кирган ва менюга оид «маълумотларни бошқарган». Яъни у баъзи маҳсулотларни ерёнғоққа аллергияси бор инсонларга хавфсиз дея ўзгартириб чиққан — бу ҳатто мижозларнинг ўлимига олиб келиши мумкин эди. Бундан ташқари, Шойер таомлар нархини ўзгартириб, менюдаги айрим бандларга ҳақоратли сўзларни қўшган. Даъвода келтирилишича, бир сафар у дастурий таъминотни бир неча ҳафтага ишдан ҳам чиқарган.

Шунингдек, Шойер ресторандан ташқаридаги реклама баннерларига жойлаштирилган QR-кодларни ўзгартириб, уни boycott-israel.org сайтига йўналтирган.

Disney’дагилар маълумотлари ўзгартирилган меню чоп этилганидан кейин, аммо улар ҳали ресторанларга тарқатилмасидан олдин пайқаб қолишган.

Меню инвентаризация тизими Disney учун махсус ишлаб чиқилган. Даъвода таъкидланишича, Шойер ўзида қолиб кетган пароллардан фойдаланиб, унга кирган. Шундан кейин Disney компанияси тизимга кирадиган барча паролларни ўзгартирган.

Шойерни ҳимоя қилаётган адвокатнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган. Компаниядагилар эса вазиятга изоҳ бермаган.

Disney компаниясига нисбатан Ню-Йоркда яшайдиган фуқаро томонидан киритилган алоҳида даъво ҳам кўриб чиқилмоқда. Унинг рафиқаси Walt Disney Parks and Resorts курортида жойлашган Raglan Road пабидаги кечки овқатда юз берган аллергиядан кейин вафот этган. Аёлнинг ёнғоқ ва сут маҳсулотларига аллергияси бўлган ва у таомланишдан олдин официантдан буюртма қилинган овқатда аллергенлар бор-йўқлигини аниқлаштириб олган. Офицант аллергия қўзғатувчи маҳсулотлар йўқлигини айтган, аммо кечки овқатдан кейин аёлнинг аҳволи оғирлашган ва шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ишдан бўшатилган ходим яширин равишда Disney ресторанларидаги менюларни ўзгартириб қўйди