Brian Snyder / Reuters / Scanpix / LETA
Республикачи Доналд Трамп АҚШнинг янги президенти этиб сайланди, Американинг Fox News, CNN, Reuters, Associated Press, NBC News, ABC News каби асосий нашрлари шуни прогноз қилмоқда. Трамп учун овоз берадиган сайловчи делегатлар сони 270 дан ошиб бўлган, Демократик партия номзоди Камала Ҳарриснинг овозлари сони — 224 тага етган. Сайловнинг якуний натижалари ҳали аниқ эмас, овозларни ҳисоблаш жараёни давом этмоқда.
Трамп аллақачон ўзини АҚШнинг янги президенти деб эълон қилиб бўлди. Fox News Америка медиаси орасида биринчи бўлиб Трамп ғалаба қозонишини хабар қилиши ортидан у Флориданинг Уэст-Палм-Бич шаҳарчасидаги қароргоҳида тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлади. Трамп Америка халқи уни 47-президент этиб сайлаганини эълон қилди. Республикачилар номзоди бу америкаликларнинг «ажойиб» ғалабаси бўлганини таъкидлади. У АҚШ аҳолисини бахтиёр, Американи — кучли ва хавфсиз қилишга ваъда берган. Шунингдек, рақиблари айтганидек уруш бошламаслигини билдирган. «Мен урушларни тўхтатмоқчиман», — деган Трамп.
Трамп сайловлардаги ғалабаси муносабати билан дастлабки табрикларни қабул қилиб олган. Уни биринчилардан бўлиб Салвадор президенти Найиб Букеле, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Австрия канцлери Карл Неҳаммер ва Сербия президенти Александр Вучич табриклаган.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Трамп билан ҳамкорлик қилиш «имкониятини интиқлик билан кутаётгани»ни, «Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги алоҳида муносабатлар Атлантиканинг ҳар икки томонида яна узоқ йиллар давомида ривожланишда давом этиши»ни айтган. Германия канцлери Олаф Шолц ҳам ўз табригида мамлакатлар «Атлантиканинг икки соҳилидаги фаровонлик ва эркинликни таъминловчи» ҳамкорликни давом эттиришини билдирган. Франция президенти Эммануэл Макрон олдин ҳам бўлганидек «тинчлик ва фаровонлик учун» Трамп билан ишлашга тайёрлигини изҳор этган.
Турли мамлакатлар раҳбарлари Трампга йўллаган табрикларида Россия-Украина мавзусига тўхталган. Украина президенти Володимир Зеленский сентябр ойида Трамп билан ўтказилган «ажойиб учрашув»ни эслашини, ўшанда улар «Украина ва АҚШнинг стратегик ҳамкорлиги, ғалаба режаси ва Россиянинг Украинага қарши тажовузини тўхтатиш йўлларини батафсил муҳокама қилгани»ни айтган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Трампни табриклар экан, «минтақавий ва глобал инқирозлар ва урушлар, айниқса, Фаластин масаласи ва Россия-Украина уруши тўхташи» ҳамда «янада адолатли дунё қуриш учун кўпроқ ҳаракатлар амалга оширилиши»ни кутаётганини билдирган.
Кремлдагилар АҚШдаги сайлов юзасидан изоҳ беришда Трампнинг сайланадиган бўлса, Россия-Украина урушини тезда тўхтатиш ҳақидаги ваъдаларини эслашган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ «[Украинадаги] можарога барҳам беришга ҳисса қўша олиши», аммо буни «бир кечада амалга ошириб бўлмаслиги»ни таъкидлаган. Песков РФ президенти Владимир Путин Трампни сайловдаги ғалаба билан табриклаш режаси бор ёки йўқлигидан «хабардор эмаслиги»ни айтган: «Нима бўлганда ҳам унутмайликки, гап бизнинг давлатга қарши урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган, нодўст мамлакат ҳақида кетмоқда».
АҚШда бир вақтнинг ўзида конгрессменлар ҳам сайланди, Республикачилар партияси АҚШ конгресси сенатида устунликни қўлга киритди. Ғарбий Виржиния ва Оҳайо штатларидаги ғалабалар республикачиларнинг парламент юқори палатасти устидан назорат ўрнатишини таъминлади. Бу икки ғалаба республикачиларга 100 ўринлик сенатда камида 51 ўринни банд этишга имкон беради. Бундан ташқари, Америка нашрлари прогнозларига кўра, республикачилар конгресснинг Вакиллар палатасида ҳам устунликни сақлаб қолади.
78 ёшли Доналд Трамп АҚШ тарихида сайловлардаги мағлубиятдан кейин Оқ уйга қайтишга эришган иккинчи собиқ президент бўлади: Трамп 2016 йилги сайловда ғолиб чиққан, аммо 2020 йил ютқазганди. Қўшма Штатларнинг бундай натижа қайд этган биринчи президенти Гровер Кливленд бўлганди — у ҳам 1884, 1888 ва 1892 йилларда қаторасига уч кампанияда иштирок этган, аммо иккинчи сайловида ютқазганди. Ҳозирда Трамп ҳам Жо Байденнинг 2020 йилги сайловлардан кейин лавозимга киришган ёшида. Ўшанда Байден энг кекса давлат раҳбари бўлганди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Песков махсус ҳарбий операция қачон тугашини айтди