21:46 / 06.11.2024
25

Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак?

Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак?
Фото: Getty Images
Хитой Фанлар академияси олимлари шаҳарларни кўкаламзорлаштириш режаларини янада аниқроқ тузиш учун янги усул таклиф қилди. Кўкаламзорлаштириш ҳарорат кўтарилиши, шаҳарлардаги бетон ва асфалт туфайли ошаётган иссиқликка қарши кураш учун зарурий элементга айланмоқда. Дарахтларнинг ҳароратга таъсири ҳаммага маълум бўлса-да, бу соҳада ўтказилган аввалги тадқиқотларнинг аксарияти кичик ҳудудларга қаратилган — ушбу маълумотлар асосида бутун шаҳарни совитиш учун қанча дарахт кераклигини аниқлаш мушкул.

Янги тадқиқот доирасида олимлар турли иқлим шароитларига эга тўртта шаҳар — Хитойнинг Пекин ва Шенжен, АҚШнинг Балтимор ва Сакраменто шаҳарларини таҳлил қилиш учун сунъий йўлдош тасвирларидан ва ҳарорат маълумотларидан фойдаланди. Аввалига улар ҳар бир шаҳарни тахминан битта маҳалла катталигидаги кичик пикселларга бўлди ва ҳар бир пиксел учун ер юзаси ҳарорати ҳамда кўкаламзорлаштириш фоизини қайд этди. Сўнгра худди шундай ҳисоб-китобларни каттароқ миқёсда: туман даражасидан бошлаб бутун шаҳар даражасигача амалга оширди.

Натижалар кўрсатишича, таҳлил майдони кенгайгани сари совитиш самарадорлиги ҳам ортиб боради (лекин жараён секинроқ кечади). Мисол учун, Пекинда яшил майдонларни 1 фоизга кўпайтириш ҳароратни маҳалла миқёсида 0,06 фоизга, бутун шаҳар миқёсида эса 0,18 фоизга пасайтиради.

Ушбу маълумотлар шаҳарсозларга бутун шаҳар миқёсида дарахтларнинг совитувчи таъсирини прогноз қилиш имконини беради. Масалан, тадқиқотчилар ҳисоб-китобларига кўра, Балтимор шаҳрини кўкаламзорлаштириш ҳажмини 1 фоизга ошириш орқали ўртача ҳароратни 0,23 градусга пасайтириш мумкин. Ҳароратни 1,5 градусга тушириш учун эса дарахтлар билан қопланган майдонни 6,39 фоизга кенгайтириш зарур.

Тадқиқот муаллифи Вейчи Жоу буни турли иқлим ҳудудларидаги шаҳарларга татбиқ этилиши мумкинлигини таъкидлади. Бундай усул бутун дунё бўйлаб шаҳарларда ҳароратни пасайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш мақсадида кўкаламзорлаштириш режаларини ишлаб чиқишда фойдали бўлиши мумкин.

Ушбу маълумотлар стратегик режалаштириш учун муҳим бўлса-да, дарахтларни аниқ ҳудудлар бўйича тақсимлаш учун етарли эмас. Тадқиқотнинг кейинг босқичларида бошқа шаҳарларнинг иқлим шароитларини ўрганиш ва ҳозирги натижалар, айниқса, ёз фаслида уларга қанчалик мос келишини аниқлаш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак?