date
views 97

Филиппин пойтахтида бошланган ёнғинда мингга яқин уйлар ёниб кетди

Филиппин пойтахтида бошланган ёнғинда мингга яқин уйлар ёниб кетди
Фото: Re
Филиппин пойтахти Манилада 24 ноябр тонгидан бери давом этаётган ёнғин туфайли мингга яқин уй ёниб кул бўлди.

Манила ўт ўчириш хизматининг маълум қилишича, ёнғин Исла-Путтинг-Бато туманидаги уйлардан бирининг иккинчи қаватида бошланган ва кўп ўтмай бошқа хонадонларга ҳам тарқалган. Ёнғин қамраб олган ҳудудда 2 мингга яқин оила истиқомат қилади.

«Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ёнғинни ўчиришга 36 та юк машинаси, 4 та ўт ўчириш катери, мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита вертолёти жалб этилган.

«Мазкур ҳудуддаги уйлар осон ёнувчан материаллардан қурилгани боис ёнғинга бардошсиз ҳисобланади», — дея таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Филиппин пойтахти Манила шаҳридаги туманлардан бирида кучли ёнғин юз бериши оқибатида тахминан 15 минг киши бошпанасиз қолганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Филиппин пойтахтида бошланган ёнғинда мингга яқин уйлар ёниб кетди