
OMAR HAJ KADOUR/AFP via Getty Images
Сурияда ноябр ойи охирида Башар Асад қўшинларига қарши юриш бошлаган қуролланган гуруҳлар 8 декабрга ўтар кечаси ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан пойтахт Дамашққа кириб келди.
Reuters агентлиги хабар беришича, Сурия армияси қўмондонлиги офицерларга Башар Асад бошқаруви якунига етганини хабар қилган. Агентлик билан суҳбатда бўлган ҳарбийлардан бири айтишича, Сурия армияси Дамашқ марказини тарк этганини айтган. Шу билан бирга, Сурия армияси Ҳама ва Ҳомс шаҳарларида, шунингдек, Дераа шаҳри атрофидаги ҳудудларда «террорчи гуруҳлар»га қарши курашни давом эттираётганини маълум қилган.
Кўп ўтмай суриялик исёнчилар Дамашқ «Асаддан озод этилгани»ни эълон қилди. Телевидение эфирида бир гуруҳ шахслар чиқиш қилиб, улардан бири тегишли баёнотни ўқиб берган ва Башар Асаднинг 24 йиллик авторитар бошқарувига якун ясалганини маълум қилган. У Асад даврида «адолатсизлик билан қўлга олинганлар» қўйиб юборилганини қўшимча қилган.
«Биз Сурия халқи билан маҳбусларимиз озод этилгани ва кишанлар парчалангани ҳақидаги хабарларни хурсандчилик билан нишонлаяпмиз, шунингдек, [Дамашқ чеккасидаги ]Седная қамоқхонасида адолатсизлик даври поёнига етганини маълум қиламиз», — дея исёнчиларнинг баёнотидан иқтибос келтирган Reuters.
Мухолифат вакили «Дамашқни эгаллаш бўйича оператив штаб» гуруҳи мухолифат жангчилари ва фуқароларни «Эркин Сурия давлати» давлат институтларини қўриқлашга чақирган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, минглаб кишилар Дамашқдаги асосий майдонга тўпланиб, «Озодлик!» дея ҳайқира бошлаган.

Исёнчи кучлар вакилларига ҳокимият расман топширилгунига қадар давлат муассасаларига яқинлашмаслик буюрилган, бу муассасалар вақтинча Сурия бош вазири назоратида қолади.
Сурия бош вазири Муҳаммад Ғозий ал-Жалолий халқ танлайдиган ҳар қандай раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилганди. У Дамашқда қолган.
Reuters армиянинг юқори мартабали мулозимларига асосланиб хабар беришича, Башар Асад 7 декабр куни кечқурун хусусий самолётда Дамашқдан номаълум йўналишда учиб кетган.
Дамашқ халқаро аэропорти рейсларни жўнатиш ва қабул қилишни тўхтатган, аэропорт ходимлари эвакуация қилинган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар