Фото: ТАСС
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ихтиёрида Украинага қарши урушда иштирок этмаётган 80 мингдан зиёд жангчи бор. Бу ҳақда у Грознийдаги полициянинг махсус полки казармасига уюштирилган дронлар ҳужумига изоҳ бериш вақтида ошкор қилиб қўйди.
Қодиров ушбу ҳужумни жавобсиз қолдирмаслини маълум қилди. «Чеченистон Республикасида биринчи буйруқданоқ жангга отланишга тайёр кўнгилли ва бўлинмалар жангчиларидан иборат 84 минг кишилик захира бор», — дейди у.
Қодиров ўз армиясини кенгайтириш учун Украинадаги урушдан фаол фойдаланиб келади. Деярли уч йилдан бери бўлаётган уруш давомида унинг назорати остидаги қуролли тузилмалар сони қарийб уч баробарга ошди: еттитадан 19 тага. Сентябр ойида Россия президенти Владимир Путин Чеченистонга келганида Қодиров 2,5 минг кишидан иборат яна бир бўлинма тузилишини эълон қилганди.
Ушбу отрядлар, полк ва баталонлар расман федерал идораларга бўйсунади: Мудофаа вазирлиги, Росгвардия ва ИИВ. Аммо уларнинг аксарияти этник тамойилга асосан тўпланган, хусусан, фақат чеченлардан иборат ва деярли доим республика ҳудудидан чиқмайди. Ҳар бир бўлинмага Қодировга содиқ командир раҳбарлик қилади.
Чеченистон раҳбари куч тузилмаларини тез-тез назорат қилиб туради. Октябр ойида Қодиров ўз ихтиёрида «тўлиқ таъминланган ва қуролланган 70 минг жангчи» борлигини маълум қилганди. Саф намойишларида фақат «Ахмат» кўнгиллилари иштирок этмайди. Ушбу бўлинмага яқинда генерал-лейтенант унвонини олган Апти Алаудинов бошчилик қилади. Журналистларнинг аниқлашича, бўлинмада мамлакатнинг турли нуқталаридан келган аскарлар хизмат қилади ва таркибида деярли чеченлар йўқ. Қодиров август охирида мазкур бўлинмага 19 минг киши келиб қўшилганини айтганди. Айнан шу чақирилувчилар қисқа муддатли тайёргарликдан сўнг фронтга юборилади — республика раҳбари ҳар бир неча кунда урушга жўнаб кетган кўнгиллиларнинг янги партияси ҳақида ҳисобот бериб келади.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни «ЧП Грозний 95» Telegram-каналида 21 ёшли аскар «Ахмат» «срочниклар ортига яширингани» ҳақидаги гаплари учун узр сўрагани видеоси тарқалганди. Ундан аввалроқ эса Апти Алаудинов чечен жангчилари чегарадаги позицияларда қолишгани, юриш қилаётган украин қўшини эса жангга киришмай, уларни қандайдир тарзда айланиб ўтиб кетганини айтганди. Аммо бу версия баҳсли: ҳарбий мухбир Юрий Котёнок «ахматчилар» Курск областининг айнан Украина қуролли кучлари ҳужум бошлаган районлари бўйлаб жойлаштирилгани ҳақида айтган. «ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали қодировчилар украин ҳарбийларининг илк зарбасидан кейиноқ «сочилиб кетгани» — яъни қочиб қолгани ҳақида ёзганди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тожикистоннинг Конибодомида бир оиланинг 6 аъзоси ўлдириб кетилди
Башар Асаднинг яқин қариндоши осиб ўлдирилди
"Мевалар қироли" мангонинг саломатлик учун қандай фойдали хусусиятлари бор?
Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу устидан суд жараёни бошланди
Конституциявий суд: Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур
Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари Ҳалима Ибрагимовани қандай хотирламоқда?
Тадқиқот: Кунлик қаҳва истеъмоли умрни узайтириб, ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдам беради
Сурияда исёнчилар Башар Асаднинг отаси қабрини вайрон қилди