date
views 135

Башар Асад Суриядан қочганидан буён илк бор баёнот берди

Башар Асад Суриядан қочганидан буён илк бор баёнот берди
Фото: Getty Images
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад мамлакат пойтахти Дамашқда 8 декабр эрта тонггача бўлган. У шу куни кечқурун Сурияни тарк этди, дейилади собиқ президент баёнотида. РБК баёнотдан иқтибослар келтирди.

«Сурияда терроризм таҳдидининг кучайиши ва 2024 йил 7 декабр, шанба оқшомида террорчиларнинг пойтахт Дамашққа етиб келиши билан саросималар ва ҳақиқатдан йироқ воқеалар оқими остида президентнинг тақдири ва қаерда эканлиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлади. Улар Сурия озодлик инқилоби ниқоби остида халқаро терроризмни ўрнатиш жараёнини қўллаб-қувватлаган. Халқ ҳаётининг танқидий тарихий палласида, ҳақиқат рўй бериши керак бўлган бир пайтда қисқача баёнот орқали баъзи нарсаларни ойдинлаштириш зарур. Вазиятлар ва кейинчалик хавфсизлик нуқтаи назаридан алоқаларнинг тўлиқ тўхтатилиши буни амалга оширишга имкон бермади. Аввало, миш-мишларга қарамасдан, мен мамлакатни режали тарзда тарк этмадим ва жангларнинг сўнгги соатларида ҳам кетмадим, 2024 йил 8 декабр, якшанба куни эрта тонггача Дамашқда қолиб, ўз вазифаларимни бажардим», дейилади Асад баёнотида.

Асад сўзларига кўра, у «террорчи кучлар Дамашққа кириб келганида» Лазқиядаги Россия ҳарбий базасига қочган.

«Дамашқда террорчилар тарқалгач, Лазқияга кўчиб ўтдим, жангларни у ердан кузатмоқчи эдим. Эрталаб Хмеймим базасига етиб боргач, ҳукумат қўшинлари барча жанговар йўналишлардан чиқиб кетгани ва армиянинг сўнгги позициялари қулагани, шу билан бирга ҳарбий ҳолат ёмонлашгани ва Россия ҳарбий базасига дронлар орқали ҳужумлар кучайганининг гувоҳи бўлдим. Базани бирор йўналишда тарк этишнинг иложи йўқлиги сабабли, Москва Дамашқ қулаганидан кейинги кун, якшанба, 8 декабр куни кечқурун охирги ҳарбий позициялар бой берилган ва оқибатда қолган барча давлат институтлари фалаж ҳолатга келганидан кейин Россияга зудлик билан эвакуация қилиш масаласини ишлаб чиқиш илтимоси билан база раҳбариятига мурожаат қилди», деб қўшимча қилди Асад.

Шу билан бирга, собиқ президент ушбу воқеалар пайтида истеъфога чиқиш ёки бошпана сўраш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганини айтди.

«Ушбу воқеалар давомида мен ёки бошқа шахс ёки партия томонидан бошпана сўраш ёки истеъфога чиқиш масаласи кўтарилмаган ва кўриб чиқилган ягона вариант – террор ҳужумини ҳимоя қилиш учун курашни давом эттириш эди», деди Асад.

Шунингдек, у урушнинг биринчи куниданоқ «ўз юрти нажотини шахсий хавфсизликка алмаштириш ёки турли таклиф ва васвасалар орқали ўз халқи билан савдолашишдан бош тортганини», «ўз армияси аскарлари билан фронт чизиғида, энг қайноқ ва хавфли можаро ўчоқларида террорчилардан ўнлаб метр узоқликда бўлганини», «урушнинг энг оғир йилларида ва 14 йиллик уруш давомида пойтахтни тарк этмагани, оиласи ва халқи билан бирга қолганини», «Фаластин ва Ливандаги қаршиликни тарк этмагани ва иттифоқчиларга хиёнат қилмаганини», шу сабабли, «ўз халқини ташлаб кетувчи, халқи ва армиясига хиёнат қилувчи шахс эмаслигини» таъкидлади.

«Мен ҳеч қачон мансаб изловчи одам бўлмаганман, лекин ўзимни миллий лойиҳанинг эгаси деб ҳисоблайман, халқ унга ишонган ва қўллаб-қувватлаган. Мен бу халқнинг иродасига, ўз давлатини сақлаб қолиш, ўз институтлари ва танловларини сўнгги дақиқаларгача ҳимоя қилиш қобилиятига ишонардим. Давлатнинг терроризм қўлига қулагани ва бирор нарсани таъминлаш қобилиятини йўқотиши билан бу лавозим бўш ва маъносиз бўлиб қолди ва унда масъулият сақлаб қолишдан маъно йўқ эди. Бу ҳеч қандай ҳолатда Сурия ва унинг халқига тегишли бўлган ҳақиқий миллийликни рад этишимни англатмайди. Сурия эркин ва мустақил давлат сифатида қайтишига бўлган умидим буни ўзгартирмайди», деб қўшимча қилди Асад.

РБК нашрининг таъкидлашича, Башар Асаднинг ушбу баёноти 16 декабрда эълон қилинган ва эълон қилинган жой «Москва» деб кўрсатилган.

Башар Асаднинг мамлакатдан қочиши россиялик разведка ходимлари ёрдамида уюштирилди, деб ёзди аввалроқ Bloomberg. Улар президентни Суриядаги Россия ҳарбий ҳаво базаси орқали олиб чиққан. Асад жўнаб кетаётганда кузатувга тушмаслик учун самолёт транспондери ўчирилган.

Башар Асад Москвага келгани ва Россия унга бошпана бергани ҳақида 8 декабр куни кечқурун ТАСС ва РИА Новости агентлиги хабар қилди. Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Асад «Сурия ҳудудидаги қуролли можаронинг бир қатор иштирокчилари» билан музокаралар олиб борганини ва президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилганини тасдиқлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Башар Асад Суриядан қочганидан буён илк бор баёнот берди