20:30 / 19.12.2024
55

Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади

Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади
Фото: kaktus.media
Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламент) йиғилишида милиция ходимларини фото ва видеосуратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан рад этилди.

Жиноят ва Ҳуқуқбузарликлар кодексига таклиф этилаётган ўзгартишлар давлат органлари мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа шахсларнинг ўз касбий вазифаларини бажариш чоғида суратга олиш ва видеога олиш тақиқланишини назарда тутар эди. Бундан ташқари, «обрўсизлантирувчи» фотосурат ва видеоларни интернетга жойлаштирганлик учун 5 минг қирғиз сўми миқдорида жарима ёки 7 суткагача қамоқ таклиф қилинган эди.

«Фуқаролар ўзини ҳимоя қилиш учун видеога олиш ҳуқуқига эга. Халққа жарима ва қамоққа олиш билан таҳдид қилиш керак эмас», деди депутат Бахтиёр Калпаев қонун лойиҳаси муҳокамасида. У нега ҳуқуқий маълумотга эга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари амалдаги қонунлар доирасида ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди ва уларни бундай репрессив қонун билан ҳимоя қилишни сўрайди, деган саволни ўртага қўйди.

Қонун лойиҳаси ташаббускори Суюн Омурзоқов бу фақат ходимларни обрўсизлантириш мақсадида видео монтаж қилинишини назарда тутаётганини айтди ва «жамиятнинг фақат айрим қатламларигина бунга қарши» эканини таъкидлади.

Якуний овоз бериш натижасида қонун лойиҳаси қабул қилинмади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг