14:58 / 21.12.2024
40

Томск областига Ўзбекистондан мутахассислар ишга жалб қилинади

Томск областига Ўзбекистондан мутахассислар ишга жалб қилинади
Фото: "Дунё" АА
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Томск области губернаторининг иқтисодиёт, инвестиция сиёсати ва мулкий муносабатлар бўйича ўринбосари Василий Потемкин билан музокара ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Россиянинг ушбу ҳудуди билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг ҳолати, шунингдек, Томск области губернатори Владимир Мазур бошчилигидаги делегациянинг шу йил ноябр ойидаги ташрифи якунлари муҳокама қилинди.

Василий Потемкиннинг айтишича, Томск области губернатори бошчилигидаги делегациянинг республикага ташрифи якунлари нафақат мавжуд йўналишларни илгари суриш, балки узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган иқтисодий шерикликнинг асосий жиҳатларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этди.

Томск области губернаторининг ўринбосари, шунингдек, В2В форматидаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларга, хусусан, республикада термопластик полимер композициялари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, "Томск электромеханика заводи" АЖ да ишлаб чиқарилган ускуналарни "Ўзкимёсаноат" АЖ ва бошқа корхоналарга етказиб бериш бўйича келишувларга эътибор қаратди.

Мулоқот чоғида областдаги турли корхоналарига Ўзбекистондан мутахассисларни ишга жалб қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан Россия томони ҳудуддаги тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарига ишлаш учун Ўзбекистондан тажрибали тикувчиларни жалб қилиш зарурати борлигини маълум қилди.

Шунингдек, тажриба алмашиш ва истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида "Чирчиқ" саноат парки ва Сирдарё вилоятидаги саноат парки вакилларининг Томск шаҳрига ишчи сафарини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунида ҳар чоракда Томск области раҳбарияти билан савдо-иқтисодий ва меҳнат миграцияси жабҳаларидаги биргаликдаги ишларнинг бориши юзасидан учрашув ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Томск областига Ўзбекистондан мутахассислар ишга жалб қилинади