17:08 / 09.01.2025
69

Панама ва Дания Трампнинг ҳудудий даъволарига қандай жавоб қайтарди?

Панама ва Дания Трампнинг ҳудудий даъволарига қандай жавоб қайтарди?
Панама канали Фото: Anadolu Agency
Панама ва Дания АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг Панама канали ва Гренландия устидан назоратни қўлга киритиш ташаббусини яна рад этди. Панаманинг Атлантика ва Тинч океанларини боғловчи канал устидан суверенитети «муҳокама қилинмайди ва бизнинг саъй-ҳаракатларимиз тарихининг бир қисмидир», деди 7 январ, сешанба куни Панама ташқи ишлар вазири Хавер Мартинес-Ача.

У, шунингдек, мамлакатнинг бу борадаги позицияси аввалроқ президент Хосе Раул Мулино томонидан аниқ билдирилганини таъкидлади.

Фредериксен АҚШнинг Гренландияни эгаллаб олиши эҳтимолини рад этди

Ўз навбатида, Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШнинг Дания таркибидаги ҳудуд бўлган ва кенг автономия ҳуқуқларига эга Гренландия устидан назоратни қўлга киритиш учун ҳарбий ёки иқтисодий чораларни қўллаш эҳтимолига шубҳа билдирди. «Гренландия гренландларга тегишли», деди у TV 2 телеканалига берган интервюсида ва «бу ҳудуд сотилмайди», деб қўшимча қилди.

Фредериксен Америка Қўшма Штатлари Гренландияни куч ишлатиб эгаллаб олиши сценарийсини тасаввур қила олмаслигини айтди. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Даниянинг «энг муҳим ва энг яқин иттифоқчиси» эканлигини таъкидлаб, қироллик фуқароларини хотиржам бўлишга чақирди.

Доналд Трампнинг ўғли Гренландияга учиб келди

Кичик Доналд Трамп Данияга қарашли Гренландиянинг Нуук шаҳрига етиб келди – бу АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳудудни назорат қилиш истагини яна бир бор таъкидлаганидан икки ҳафта ўтиб рўй берди. 7 январ куни ён томонида «Трамп» ёзуви бўлган Boeing 757 самолёти аэропортга қўнди.

Трамп сафар ҳақида 6 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилди. «Менинг ўғлим кичик Дон ва АҚШнинг турли вакиллари у ерга энг ажойиб ва диққатга сазовор жойларни кўриш учун борадилар», деб ёзди у.

Дания Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, бу маълумотни эътиборга олганини маълум қилди. «Бу Американинг расмий ташрифи бўлмагани учун Дания Ташқи ишлар вазирлиги бошқа изоҳ бера олмайди», — дея таъкидлаган идора.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё