13:01 / 25.01.2025
970

Украина Россиянинг Рязан ва Брянскдаги объектларига дронлар билан зарба берди

Украина Россиянинг Рязан ва Брянскдаги объектларига дронлар билан зарба берди
Фото: AFP
Украина қўшинлари Рязан ва Брянскдаги Россия армиясига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи объектларга учувчисиз учоқлардан зарбалар берди, деб хабар қилди 24 январ, жума куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби.

«2025 йил 24 январга ўтар кечаси Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) ва Украина Қуролли кучларининг Махсус операциялар кучлари (ССО) учувчисиз учоқлари Мудофаа кучларининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда Россия армиясини қўллаб-қувватлаш учун ишлатиладиган объектларга зарба берди», — дейилади баёнотда. Зарбалар натижасида Рязан нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш объектларида ва Рязан нефт насос станциясида ёнғинлар содир бўлди.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Брянскдаги "Кремний Эл" микроэлектроника заводи ҳам зарар кўрган. «Бу Россия микроэлектрон саноатининг асосий корхоналаридан биридир. Завод стратегик аҳамиятга эга қурол тизимларида, хусусан, "Тополь-М", "Булава" ракета тизимларида, С-300 ва С-400'да, шунингдек, жанговар самолётларнинг борт электроникасида қўлланиладиган кенг турдаги микросхемалар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаради», дея таъкидлади Украина Қуролли кучлари ва зарбалар натижаларига аниқлик киритилаётганини қўшимча қилди.

Рязан иссиқлик электр станцияси нишонга олинди

DW медиа-компаниясининг СБУдаги манбалари таъкидлаганидек, Рязан нефтни қайта ишлаш заводи йилига 17 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга Россиядаги энг йирик заводлардан бири ҳисобланади. «У ерда камида учта резервуар ёнмоқда. Бундан ташқари, дрон зарбалари натижасида келиб чиққан ёнғин дизел ёнилғиси ва авиакеросинни гидротозалаш мосламаси ўрнатилган устахонани қамраб олган. Маҳаллий аҳоли 50 дан ортиқ портлашни қайд этган», — дея қайд этди махсус хизмат.

Бундан ташқари, СБУ манбасига кўра, дронлар Рязан иссиқлик электр станциясига (ИЭС) урилган. «СБУ Мудофаа кучлари билан биргаликда Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ва нефт секторига қарши самарали дрон санкцияларини жорий этишда давом этмоқда. Душманнинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш бўйича ишлар давом этади», — дейилади махсус хизмат хабарида.

Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, 24 январга ўтар кечаси Украина учувчисиз учоқлари Россиянинг барча чегарадош минтақаларига, шунингдек, Тула ва Москва областларига ҳужум қилгани, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари 121 та учувчисиз учоқни уриб туширганини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг