18:03 / 30.01.2025
271

Трамп: “Мигрантларнинг энг хавфлилари Гуантанамога юборилади”

Трамп: “Мигрантларнинг энг хавфлилари Гуантанамога юборилади”
Фото: 2013 йил Кубадаги Гуантанамо кўрфазидаги АҚШ ҳарбий-денгиз базасида жойлашган бўш коммунал камера блокининг ички қисми / Reuters
АҚШ президенти Дональд Трамп депортация қилинган мигрантларни жойлаштириш учун Гуантанамодаги ҳарбий базада қўшимча жойлар тайёрлашга кўрсатма берди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар берилди.

Мудофаа ва ички хавфсизлик вазирликлари 30 минг кишилик жой тайёрлаши керак. Гуантанамо ҳарбий базасида илгари ҳарбий асирлар, шу жумладан 11 сентябрь терактларида иштирок этганлар сақланган. Трамп Кубада жойлашган базада минглаб жой борлиги, кўплар бундан бехабар эканини айтди.

“Гуантанамода Америка халқига таҳдид солаётган энг хавфли ноқонуний жиноятчиларни сақлаш учун 30 минг ўрин мавжуд. Уларнинг баъзилари шунчалик хавфлики, биз ҳатто уларни ўз мамлакатларига қайтаришга ишонмаймиз, чунки уларнинг қайтиб келишини истамаймиз. Шу сабабли, биз уларни Гуантанамога юбормоқчимиз”, деди АҚШ президенти.

Гуантанамодаги ҳарбий база асосан террорчиликда гумон қилинганларни сақлаш жойи сифатида танилган. У 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг, 2002 йилда АҚШ президенти Жорж Буш томонидан очилган.

Муассасани ёпиш АҚШнинг собиқ президенти Барак Обаманинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири эди, бироқ унинг таклифларидан бирортаси ҳам Конгресс томонидан маъқулланмади. 2018 йил январь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп қамоқхонани сақлаб қолиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг