23:26 / 30.01.2025
40

Вашингтон осмонида самолёт ҳалокати: сабаблар ва қурбонлар ҳақида нималар маълум?

Вашингтон осмонида самолёт ҳалокати: сабаблар ва қурбонлар ҳақида нималар маълум?
Фото: AFP
Самолётдаги йўловчилар орасида фигурали учиш бўйича АҚШ чемпионатидан қайтаётган спортчилар ва мураббийлар ҳам бўлган. BBC ҳодиса ҳақида маълум бўлган фактларни келтирди.

Нима воқеа юз берди?

Тўқнашув маҳаллий вақт билан 21:00 атрофида (Тошкент вақти билан 7:00 атрофида) содир бўлди. American Airlines брендидан фойдаланадиган PSA Airlines авиакоманиясининг Bombardier CRJ700 самолёти Канзас штати, Уичита шаҳридан учиб келаётганида Роналд Рейган халқаро аэропортига қўниш чоғида Sikorsky H-60 (Black Hawk) ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб кетди.

Пентагоннинг маълум қилишича, вертолёт Виржиния штатидаги Форт-Белвуар шаҳридан ҳавога кўтарилган. Ҳарбийларга кўра, вертолёт ўқув парвозини амалга оширган.

Самолёт бортида 64 киши — 60 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган. Вертолёт бортида 3 нафар америкалик ҳарбий хизматчи бўлган, деди Вашингтон мэри Муриел Боузер.

Қутқарув операцияси ҳалокатдан сўнг дарҳол бошланди. Колумбия округи фавқулодда вазиятлар директори Жон Доннелли сўзларига кўра, сув жуда совуқ ва атроф қоронғи эди.

«Шамол эсмоқда. Сувда муз бўлаклари бор... Ёруғлик етишмагани сабабли, ҳар квадрат дюйм майдонни текшириб чиқишга тўғри келади», деди у. «Булар [қутқарувчилар] сувга шўнғиши учун жуда қийин шароит», деб қўшимча қилди Доннелли.

Фото: AFP
Расмийларга кўра, самолёт бир неча бўлакларга ажралган ва ҳозир 1,5-2,4 м чуқурликда сув остида қолган. Ҳалок бўлганларнинг жасадини сувдан чиқариб олиш жараёни давом этмоқда.

«Биз бу ҳалокатда омон қолганлар борлигига ишонмаймиз», деди Жон Доннелли.

Ғаввослар ҳозирча самолётнинг иккита регистраторидан (қора қутилар) бири бўлиши тахмин қилинаётган объектни топган. Сувга қулаган ҳарбий вертолёт тўнтарилган ҳолатда, аммо жиддий шикастланмагани кўринади.

Самолёт бортида кимлар бўлган?

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот йўқ, расмийлар эса йўловчиларнинг исмларини айтмаяпти. Бироқ АҚШ фигурали учиш федерацияси American Airlines авиакомпанияси 5342 рейси бортида ўз спортчилари ва мураббийлари бўлганини тасдиқлади.

«Ушбу спортчилар, мураббийлар ва уларнинг оила аъзолари Канзас штатининг Уичита шаҳрида фигурали учиш бўйича АҚШ чемпионати билан биргаликда ўтказилган Миллий ривожланиш лагерида қатнашиб уйга қайтаётган эди», дейилади федерация баёнотида.

20-26 январ кунлари Уичита шаҳрида фигурали учиш бўйича 2025 йилги АҚШ чемпионати бўлиб ўтди.

Евгения Шишкова ва Вадим Наумов
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб, самолёт бортида фигурали учиш бўйича жаҳон чемпионлари Евгения Шишкова ва Вадим Наумов бўлганини даъво қилди. Шишкова ва Наумов 1994 йилда Россия терма жамоаси таркибида фигурали учиш бўйича жуфтликлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. Улар кейинчалик АҚШга кўчиб ўтган. Уларнинг ўғли Максим Наумов ҳам Уичита шаҳридаги мусобақада қатнашган, унинг тақдири номаълум.

Максим Наумов
ТАСС манбасининг хабар беришича, йўловчилар орасида конкида учиш бўйича 1980 йилги СССР чемпионатининг бронза медали совриндори Инна Волянская ҳам бор. Сўнгги йилларда у АҚШда мураббий бўлиб ишлаган.

Нима учун тўқнашув содир бўлди?

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳалокатдан кўп ўтмай, қандай қилиб бундай тўқнашув содир бўлиши мумкин деган саволни ўртага қўйди.

«Самолёт идеал ва анъанавий йўналишда аэропортга яқинлашаётган эди. Вертолёт узоқ вақт давомида тўғридан-тўғри самолёт томон учди. Тун равшан эди, самолёт чироқлари ёниб турарди. Нега вертолёт юқорига кўтарилмади ёки пастга тушмади ёки бурилмади? Нега диспетчерлик минораси вертолётга нима қилиш кераклигини айтмади, фақат «самолётни кўряпсизми», деб сўради. Бу ёмон вазият, унинг олдини олиш керак эди», деб ёзди Трамп Truth Social саҳифасида.

Live ATC веб-сайтида эълон қилинган суҳбат аудиоёзувига кўра, диспетчер вертолёт учувчисидан American Airlines авиакомпанияси йўловчи самолётини кўряпсизми деб сўраган, аммо жавоб олмаган.

«PAT25, CRJни кўряпсизми? CRJ ортидан ўтинг», дейди диспетчер. (PAT25 — вертолётнинг, CRJ – самолётнинг чақирув белгиси)

Кейин диспетчерлар ўзаро суҳбатда тўқнашув бўлганини тасдиқлайди. Аудиоёзувда «Тўқнашув, тўқнашув, тўқнашув, бу учинчи сигнал», деган гаплар эшитилади. «Билмайман, сиз аввалроқ нима бўлганини пайқадингизми, лекин 3-3 га яқинлашганда тўқнашув юз берди. Биз операцияларни номаълум муддатга тўхтатамиз. Ҳаракатларингизни компания билан мувофиқлаштиришни қатъий тавсия қиламан. Нима қилишни хоҳлаётганингизни айтинг», дейди диспетчер 33-қўниш йўлагига ишора қилиб. «Вертолёт ҳам, самолёт ҳам дарёга қулаб тушди», дейди учинчи диспетчер. «Бу дарёнинг ўртасида бўлса керак», дейди диспетчер. «Мен ҳозиргина оловли шарни кўрдим, кейин у ғойиб бўлди. Улар дарёга қулаганидан кейин ҳеч нарсани кўрмадим. Аммо айнан CRJ ва вертолёт тўқнашиб кетди».

Фото: Reuters
Мутахассислар нима дейди?

American Airlines авиакомпанияси самолёти ҳам, Black Hawk вертолёти ҳам ҳалокатга учрагунга қадар йўналиши ва баландлиги ҳақида маълумот узатган. Иккала ҳаво кемасининг сигнали турлича бўлса-да, улар бир-бирига яқинлашаётгани ADS-B Exchange сайтида кўриниб турган.

Бундан ташқари, замонавий самолётлар яқин атрофдаги бошқа самолётларни аниқлайдиган ва ҳавода тўқнашиш хавфидан огоҳлантирадиган (TCAS) тизими билан жиҳозланган.

Авиация бўйича маслаҳатчи Жефри Томас сўзларига кўра, ҳаводаги тўқнашувлар ўтмишда қолиши керак эди: янги технология самолётларга бир-бирига электрон хабар жўнатиш имконини беради ва учувчиларни эҳтимолий тўқнашув ҳақида огоҳлантиради. Унинг сўзларига кўра, TCAS тизими сўнгги даврда минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Бироқ, American Airlines авиакомпаниясининг собиқ учувчиси Дуг Райс сўзларига кўра, тизим 700 футдан (213 м) пастда самарасиз.

Кузатув веб-сайтидаги маълумотларга кўра, тўқнашувдан олдин самолётнинг охирги қайд этилган баландлиги тахминан 200 фут (60 м) бўлган.

Собиқ учувчи Жорж Бекон сўзларига кўра, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар мунтазам равишда йўловчи самолётлари яқинида учади.

«АҚШда ҳарбий учувчи сифатида ишлаганман ва Вашингтон атрофидаги ҳаво ҳудуди билан бироз танишман. Бу жуда гавжум жой, аммо фуқаролик ва ҳарбий самолётлар бир хил радиочастотадан фойдаланади. Одатда ҳарбий учувчи ўзини ўзи бошқаради, қаерга учишни, йўналишни мустақил танлайди. Аммо назорат қилинадиган бундай осмонда улар диспетчернинг кўрсатмаларига амал қилади», деди Бекон.

Бекон, шунингдек, ҳаво ҳаракати диспетчери вертолёт учувчиларига нима қилиш кераклигини айтмаганидан ҳайратда қолган Трамп саволига ҳам қисман жавоб қайтарди.

«Диспетчер одатда шундай ишлайди: «Самолётни кўряпсизми?», дейди. Бу жуда аниқ кўрсатма бўлади, шунда ҳарбий вертолёт учувчиси йўловчи самолётларидан қочишга мажбур бўлади».

Яна бир савол туғилади: нега вертолёт йўналиш бўйича кўрсатмалар олди, бироқ, унга амал қилмади?

«Самолётнинг парвоз йўналиши ва радиосуҳбатларга эътибор берсак, Black Hawk вертолётига негадир самолёт билан визуал узоқлашишга буйруқ берилган, аммо бунинг сабаби нима эканини билмайман», деди Австралия фуқаро авиацияси хавфсизлиги бошқармаси ходими Тони Стэнтон.

«Бу мен терговчи сифатида ўрганишни истайдиган вазият. Black Hawk экипажи буйруқни нега бажармагани қизиқ», деди Стэнтон.

АҚШ пойтахтидаги асосий муаммолардан бири бу фуқаролик ва ҳарбий самолётлар томонидан тақсимланган ҳаво ҳудудининг гавжумлиги, деб таъкидлади Reuters мухбири Дэвид Шепердсон. Кўплаб ҳарбий базалар жойлашган Вашингтон ҳудудида ҳарбий вертолётларни кўриш анъанавий ҳолат. Масалан, АҚШ ҳукумати Ҳисоб палатасининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, 2016-2019 йилларда Рейган миллий аэропортидан 48 км радиусда 88 мингта вертолёт парвози амалга оширилган, улардан 33 мингтаси ҳарбий вертолёт.

Бундан ташқари, аэропортнинг ўзи ҳам жуда гавжум. Учиш-қўниш йўлаклари қисқа бўлгани учун парвозларнинг 90 фоиздан ортиғи асосий учиш-қўниш йўлагидан амалга оширилади, бу эса ҳар куни 800 дан ортиқ учиш ва қўниш демакдир, деб хабар берди Reuters.

Расмийларнинг баёнотларига қараганда, энди асосий савол — вертолёт нима учун ўзига хос бўлмаган баландликда учиб юргани. Ҳозир терговчилар айнан шу нарсани текширмоқда. American Airlines авиакомпанияси вакили Роберт Исом ҳам бу ҳақда гапирди. Унинг сўзларига кўра, самолёт стандарт йўналишда бўлган ва вертолёт нима учун унинг йўлига тушиб қолгани номаълум.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг