Фото: The Times of Israel
Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги ўз кучларини олиб чиқиши керак бўлган Айтарун аҳоли пунктида уйларни ёқиб юбориб, ўт очишни тўхтатиш қоидаларини бузди.
Ливан оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Исроил армияси Айтарунда жойлашган Харика туманидаги уйларга ўт қўйган.
Исроил қўшинлари аҳоли пунктини тарк этиб, уни Ливан армияси назоратига топшириши кутилмоқда. Бироқ, ўн кундан бери Ливан армияси Исроил ҳарбийлари томонидан тўсиқлар туфайли ушбу ҳудудга кира олмайди. Айни пайтда Исроил ҳарбий техникаси билан ёпилган йўлни очиш ва хавфсизликни таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Исроил қўшинлари тўлиқ олиб чиқиб кетилмагунча ва вазият барқарорлашмагунча, фуқароларга Айтарунга қайтиш тақиқланган.
Исроил Ливандан қўшинларни олиб чиқишни кейинга қолдирди
Ливандаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувда Исроил армиясининг режали равишда чиқиб кетиши 60 кун ичида якунланиши белгиланган эди. Ушбу банд чиқиб кетиш жараёни 60 кундан кейин ҳам давом этиши мумкинлигини тушунган ҳолда ишлаб чиқилган, дейилади Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху канселярияси хабарида.
Канселяриянинг таъкидлашича, Исроил кучларини олиб чиқиш жараёни Ливан армиясининг мамлакат жанубида жойлашиши ҳамда “Ҳизбуллоҳ” кучлари ва инфратузилмасини Литани дарёсининг шимолига суриб, келишувга тўлиқ ва самарали риоя этилишини таъминлаши билан боғлиқ.
Ливан томонидан ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳали тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли, босқичма-босқич чиқиш жараёни Қўшма Штатлар билан тўлиқ мувофиқликда давом эттирилади, дея аниқлик киритди бош вазир идораси.
Таъкидланишича, Исроил мамлакат шимолида жойлашган аҳоли пунктлари ва фуқароларини хавф остига қўймайди, “шимолдаги ҳарбий ҳаракатларнинг асосий мақсади эса аҳолини ўз уйларига хавфсиз қайтариш тўлиқ амалга оширилишини қатъий талаб қилади”.
2024 йил 27 ноябрга ўтар кечаси Исроил ва Ливан ўртасида деярли 14 ойлик узлуксиз кескинлик ортишидан сўнг Америка томонидан таклиф этилган келишув режасига мувофиқ ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирди. Битимни тасдиқлашдан олдин Нетаньяху халққа мурожаат қилиб, шимолий фронтда ўт очишни тўхтатиш зарурлигини тушунтирди ва “Ҳизбуллоҳ” томонидан сулҳ бузилган тақдирда Исроил жавоб қайтариб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашини таъкидлади.
АҚШ томонидан таклиф қилинган келишув режасига кўра, 60 кун ичида Ливан армияси мамлакат жанубидаги ҳудудларни эгаллаши, “Ҳизбуллоҳ” кучлари ва инфратузилмаси эса Исроил чегарасидан 20-30 километр масофада жойлашган Литани дарёсининг шимолий қисмига ўтказилиши керак.
Жорий йил бошида Исроил “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати билан келишилган 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга уринаётгани ҳақида хабар берилганди.
“60 кун муддати 26 январда, яъни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз лавозимига киришганидан олти кун ўтгач тугаса-да, Байден маъмурияти вакиллари муаммоларни ҳал қилишга ва кейинги икки ҳафта давомида ўт очишни тўхтатиш режими бузилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда”.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 26 январдан бери Исроил армияси ҳужумлари оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 216 киши жароҳатланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар