23:30 / 01.02.2025
20

Олимлар Марсда ноодатий геологик ҳосилани аниқлашди

Олимлар Марсда ноодатий геологик ҳосилани аниқлашди
Фото: Universe Today
Қайд этилишича, карбонат ангидрид газининг чиқиши натижасида юзага келадиган ушбу тузилмалар Марсда иқлим жараёнларини янада яхшироқ тушунишда олимларга ёрдам беради.

Марснинг қутбли ҳудудларида қишда карбонат ангидрид гази музлайди ва зич муз қатламига айланади. Баҳорда ҳарорат кўтарилиши билан қуёш нури ушбу шаффоф муз қатлами орасидан ўтиб, унинг остидаги тупроқни қиздиради. Натижада, карбонат ангидрид сублимацияни бошлайди — қаттиқ ҳолатдан газга айланади.

Вақт ўтиши билан босим шу қадар ошиб кетадики, газ муз қатламнинг юпқа жойларидан ташқарига отилиб чиқиб, қора тупроқ зарраларини атрофга сочиб юборади. Бу худди гейзерларни ёдга солади ва соатига 160 километр тезликкача отилиши мумкин.

Баъзи ҳолларда газ эмиссияси муз остида ўргимчак тўрига ўхшаш мураккаб, шохланган тузилмаларни ҳосил қилади. Олимлар бундай ҳосилани «ўргимчак ландшафти» деб атайди. Бу каби ғаройиб шакллар Марс тупроғидаги каналларни ювадиган карбонат ангидрид газининг кўп маротаба отилиши натижасида ҳосил бўлади.

Тадқиқотчилар лаборатория шароитида шу каби жараённи такрорлашга муваффақ бўлиб, «ўргимчак ландшафти» мавсумий газ отилишлари натижасида юзага келади, деган фаразни исботлаган.

«Ўргимчак тўрига ўхшаш мазкур тузилмалар — шунчаки ғаройиб табиат ҳодисаси эмас, балки Марсдаги иқлим жараёнларини англашда муҳим аҳамиятга эга», — дейди NASA Реактив ҳаракат лабораторияси вакили Лорен МакКоун.

Сув ва иссиқ энергияда ишлайдиган Ердаги гейзерлардан фарқли ўлароқ, Марсдаги карбонат ангидрид газларининг отилиши фақат қуёш нурининг таъсири ва юпқа Марс атмосфераси сабаб юзага келади. «Ушбу жараён ноёб бўлиб, Ерда кузатилмайди», — дея қўшимча қилади МакКоун.

Бу каби табиат ҳодисаларининг аниқланиши, олимларга Марснинг иқлим тарихини яхшироқ тушуниш ва келажакдаги тадқиқотларда улардан фойдаланиш имконини беради.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг