Фото: Deutsche Welle
Германиянинг Бавария федерал ерида россиялик тадбиркор Алишер Усмонов узоқ вақт яшаган вилла сотувга қўйилди. Бу мулк Германия тарихидаги энг қиммат уйлардан бири бўлди. Мюнхеннинг Müncher Merkur нашрининг хабар беришича, вилланинг бошланғич баҳоси 25 миллион евро этиб белгиланган.
Вилла қарзлар эвазига сотилмоқда
Ушбу мулкнинг сотилишига суд қарори асосида арбитраж бошқарувчиси Улрих Крамер масъул этиб тайинланган. Суд қарорiga кўра, вилланинг эгаси сифатида қайд этилган Tegernsee (IOM) Limited оффшор компанияси қарзларини қоплаш учун мулкни сотиши керак. Ушбу компания 2011 йилда виллани 7,2 миллион еврога сотиб олган ва кейинчалик Алишер Усмоновга ҳафтасига 77 000 еврога ижарага берган.
Крамернинг маълумотига кўра, компания тўлов қобилиятини йўқотган, чунки унинг асосий активлари кўчмас мулкдан иборат. Шу сабабли қарзларни қоплаш мақсадида мулк сотилиши керак.
Вилланинг хусусиятлари
Ушбу 4700 квадрат метрли ер участкасида жойлашган виллада:
✅ 735 квадрат метр яшаш майдони,
✅ Тўртта ётоқхона ва ҳаммом хоналари,
✅ 750 квадрат метрли сауна,
✅ 20 метрли сузиш ҳавзаси,
✅ Уч қаватли гараж мавжуд.
Арбитраж бошқарувчиси Крамер вилланинг сотилишидан тушган маблағлар банкротлик жараёни учун махсус очилган ҳисоб рақамига ўтказилишини ва унга фақат ўзи кириш ҳуқуқига эга бўлишини таъкидлаган. Шунингдек, у мулкни очиқ аукцион орқали эмас, тор доирадаги манфаатдор харидорлар орқали сотишни режалаштирмоқда.
Усмоновнинг бошқа мулклари ҳам сотилмоқда
Крамер аллақачон вилла олдида жойлашган қайиқ ангарини 1 миллион еврога сотишга муваффақ бўлган. Шунингдек, Усмонов ходимлари истиқомат қилган икки хонадонли уйнинг ярмига ҳам бир нечта харидорлар қизиқиш билдирган. Бу мулк 2018 йилда 2 миллион еврога харид қилинган.
Европа Иттифоқи санкциялари ва тинтувлар
Алишер Усмонов 2022 йилда Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. Германиядаги банк ҳисоб рақамларидаги маблағлари музлатилган ва у улардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этилган.
2022 ва 2023 йилларда Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Усмонов билан боғлиқ бир нечта мулкларда тинтувлар ўтказган, қатор қимматбаҳо автомобиллар мусодара қилинган. Бироқ 2023 йил ноябрь ойида Франкфурт суди бу тинтувларни ноқонуний деб топган ва мусодара қилинган мол-мулкни қайтаришга қарор қилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар