Фото: AP
Федерал тергов бюроси (FBI, ФТБ) иши АҚШ президенти янги маъмуриятининг кадрлар алмашинуви ва ишдан бўшатишлар ташаббусидан кейин юзага келган «хаос» туфайли секинлашди, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ).
ФТБ ва Адлия вазирлигининг йигирмадан ортиқ ходими аллақачон ишдан бўшатилган ва Оқ уй 2021 йилда Капитолий қамалини тергов қилишдаги роли туфайли ишдан бўшатилиши мумкин бўлган минглаб одамлар рўйхатини тузишга киришган.
27 январь куни Доналд Трампга қарши тергов олиб борган камида ўн нафар федерал прокурорга ишдан бўшатилгани тўғрисида билдиришнома берилган. Адлия вазирлиги янги раҳбарияти АҚШ президентининг режаларини амалга оширишда «уларнинг хизматига таяна олмаслигини» маълум қилган.
31 январь куни бош прокурор ўринбосари Эмил Бове (илгари Трампнинг адвокатлари гуруҳида ишлаган) ФТБ директори вазифасини бажарувчи Брайан Дрисколлга бюронинг юқори мартабали раҳбарлари истеъфога чиқиши ёки ишдан бўшатилиши кераклиги ҳақида мактуб юборган. У, шунингдек, бюродан Капитолийга бостириб кириш ишини тергов қилганларнинг рўйхатини тақдим этишни сўраган.
Қайд этилишича, ФТБ минглаб агентларига 2021 йил 6 январдаги тартибсизликларни тергов қилишдаги роли ҳақида 12 та саволдан иборат анкета топширилган. 4 февраль куни Дрисколл 5 мингдан ортиқ одам ҳақидаги маълумотларни тақдим этиб, Адлия вазирлиги талабини бажарганини эълон қилди. WSJ ёзганидек, у ерда фақат ID рақамлари кўрсатилган, номлар эмас. Бове бундан норози бўлди ва ФТБ барча ходимлари рўйхатини талаб қилди, деб ёзди WSJ.
4 февраль куни бир гуруҳ ФТБ ходимлари ўз исмларини ошкор қилмаслик учун Адлия вазирлиги устидан судга мурожаат қилди. Улар Трамп тарафдорлари ходимлар рўйхатини эълон қилиб, агентлар ва уларнинг оиласини хавф остига қўйишидан қўрқмоқда.
ФТБ агентлари ассоциациясининг WSJ нашрига хабар беришича, баъзи ходимлар ишдан бўшатишлардан шунчалик хавотирга тушган-ки, аллақачон иш столларини йиғиштириб қўйган. Ассоциация ўз аъзоларига хат юбориб, истеъфога чиқмаслик ёки бундай таклифларни қабул қилмасликка чақирган.
Нашр манбаларига кўра, «бу хаосда бюро иши секинлашган» ва ФТБ юқори мартабали раҳбарлари учун кундалик брифинг вақти «қисқартирилган».
Янги маъмурият ФТБ ходимлари олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда, деб ёзди WSJ. Хусусан, Бове 2001 йил 11 сентябрдаги хуружлардан сўнг тузилган терроризмга қарши кураш бўйича тезкор гуруҳларга иммиграция жиноятларини тергов қилишга қўшилишни буюрган. ФТБ ходимлари унга қайта тақсимлаш агентларни терроризмда гумон қилинганларни кузатишдан чалғитишини айтганидан кейин у буйруғини юмшатган.
Болаларни эксплуатация қилиш жиноятларини тергов қилувчи ФТБ агентларидан бири ўзини иммиграция текширувларида ёрдам бериш учун тайинланганини айтди.
WSJ маълумотларига кўра, Трампнинг ФТБ директорлигига номзоди Кэш Пател бюронинг контрразведка ва терроризмга қарши фаолияти ҳажмини қисқартиради. Сенатдаги тасдиқланиш жараёнида Пател Хитой ҳақида «фақат юзаки» гапирган, Россия таҳдидини умуман эсга олмаган.
Пателнинг ёрдамчиларидан бири бўлажак ФТБ директори қимматли қоғозлар фирибгарлиги ва монополияга қарши қонунбузарликлар билан шуғулланувчи агентларни гиёҳванд моддалар савдоси ва кўча жиноятларини текширишга ўтказади, деб ҳисобламоқда.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар