![Трамп 1 центлик тангалар зарб қилишни тўхтатди](/uploads/posts/2025-02/2c7adde094_1669194280_1594456_gif-url.webp)
АҚШ президенти Доналд Трамп молия вазири Скотт Бессантга янги 1 центлик тангалар чиқаришни тўхтатишни буюрди. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truht Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
«Қўшма Штатлар жуда узоқ вақтдан бери пенни (1 центлик танга) зарб этиб келмоқда, уларнинг ҳар бири том маънода бизга икки центдан ортиққа тушмоқда. Бу катта исрофгарчилик!» — дейди Трамп бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишини тўхтатишга чақириб.
Бизнесмен Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) январ ойида 1 центли тангани зарб қилишга уч центдан ортиқ маблағ сарфланишини маълум қилганди. DOGE маълумотларига кўра, АҚШ зарбхонаси 2023-молиявий йилда 4,5 миллиард пенни чиқарган (жами тангаларнинг қарийб 40 фоизи), бу эса солиқ тўловчиларга 179 миллион долларга тушган.
АҚШ зарбхонаси маълумотларига кўра, 2024 йилда 1 центлик тангани тайёрлаш ва тарқатишга 3,7 цент сарфланади. Охирги бир неча йил ичида пенни зарб қилиш бир неча баробарга қимматлашган — 2016 йилда 1 центлик тангаларни ишлаб чиқаришга қарийб 1,5 цент сарфланган. Ўтган йиллар давомида танга ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган мис нархи икки баробардан ортиққа қимматлашган.
1 центлик тангаларни зарб қилиш тўхтатилган тақдирда ҳам улар муомалада қолади.
Федерал амалдорлар ва иқтисодчилар олдин ҳам АҚШда 1793 йилдан бери зарб қилиб келинаётган 1 центлик тангалар ишлаб чиқарилишини тўхтатишга уринган. Аммо 1 центдан воз кечиш серхаражат чорага айланиши мумкин, чунки транзакциялар 5 центгача бўлган қийматда яхлитланади.
Пенни — зарб қилиш ўз номиналидан қимматга тушадиган Америкадаги ягона танга эмас. АҚШ зарбхонасининг маълум қилишича, 2024 йилда 5 центлик тангаларни тайёрлаш ва тарқатишга қарийб 14 цент сарфланган.
АҚШ мис нархининг ошиши туфайли олдин ҳам паст номиналли тангалар зарб қилишдан воз кечган. АҚШ Конгресси 1857 йилда у қадар оммалашмаган ярим центлик тангаларни чиқаришни тўхтатган, шунингдек, мис сарфини камайтириш мақсадида 1 центлик танга ҳажмини кичрайтирган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар