![Ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани оиласи Осиёда энг бадавлат деб топилди](/uploads/posts/2025-02/b56e344057_trkyw2evkf3jdgswvq8clzrdca5jop2t.webp)
Фото: Bloomberg
Ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани оиласи Bloomberg агентлиги томонидан тузилган Осиёнинг энг бадавлат 20 та оиласи рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
Рўйхатдан шунингдек, Ҳиндистон, Таиланд, Хитой, Индонезия, Малайзия ва бошқа давлатларнинг бадавлат оилалари ўрин олган. Ҳиндистондаги Reliance Industries конгломератига эгалик қилувчи Амбани оиласи 90,5 миллиард долларлик молиявий активлари сабаб рўйхатда биринчи ўринни эгаллади.
Рейтингда иккинчи ўрин 42,6 миллиард доллар бойликка эга Таиланддаги Чераванонт оиласига насиб этди — улар озиқ-овқат маҳсулотлари ва Осиёдаги етакчи телекоммуникация бизнеси билан шуғулланувчи Charoen Pokphand компаниялар гуруҳига эгалик қилади. Индонезиялик банкир Хартоно эса 42,2 миллиард долларлик капитал билан учинчи ўринни банд этди. Bloomberg Амбанидан ташқари рўйхатга яна олтита ҳинд миллиардерлари оиласи ҳам киритган.
Ҳиндистондаги миллиардерларнинг жами бойлиги охирги 10 йил уч баробарга ошган ва ҳозирда 905,6 миллиард долларни ташкил этмоқда. Швейцариянинг UBS Group молиявий ҳолдинги маълумотларига кўра, бу вақт ичида ҳинд миллиардерлари сони икки баробардан зиёдга ошган ва 300 га яқинлашган.
Мамлакатда айни вақтда капитали 1 миллиард доллардан ошадиган 108 та оилавий корхона рўйхатдан ўтган бўлиб, ушбу кўрсаткич орқали Ҳиндистон дунёдаги топ-3 ликка киритилган. Оилавий бизнес Ҳиндистоннинг иқтисодий ўсишида муҳим рол ўйнаган ва мамлакатнинг иқтисодий ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатган. Урбанизация, саноат салоҳиятининг ўсиши ва Ҳиндистоннинг яшил энергияга ўтиши каби омиллар ҳинд миллиардерлари сонининг сезиларли даражада ошишига олиб келган.
Прогнозларга кўра, яқин ўн йилда Ҳиндистондаги миллиардерлар сони Хитойда 2020 йилгача кузатилган ҳолат каби ўсишда давом этади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар