
Фото: AP
АҚШдан Калифорния штатини 1 триллион доллар эвазига сотиб олиш тўғрисидаги петиция 200 мингдан ортиқ данияликнинг имзосини тўплади. У АҚШ президенти Доналд Трампнинг Даниядан Гренландияни сотиб олиш таклифига жавобан ишга туширилган эди.
«Сиз қачондир харитага қараб, ўйлаганмисиз: «Биласизми, Данияга нима керак? Кўпроқ қуёш, пальмалар ва роликли конкилар»… Келинг, Калифорнияни Доналд Трампдан сотиб оламиз! Ҳа, янглиш эшитмадингиз. Калифорния бизники бўлиши мумкин», — дейилади петиция чақириғида.
Петицияда Калифорниянинг бир қатор афзалликлари, жумладан, «Йилда 300 қуёшли кун», «технологик устунлик», авокадо плантациялари ва «Диснейленд» мавжудлиги келтирилган. Охирги номни эса «Ҳанс Кристиан Андерсенленд» деб ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Мурожаат муаллифлари бунинг учун 1 триллион доллар йиғишни таклиф қилмоқда.
«Викинг шлемидаги Микки Маус? Ҳа, марҳамат», — деб ёзади петиция муаллифлари. Кампания ташаббускори Ксаве Дютуанинг AR’га айтишича, бу ғоя унинг хаёлига Филиппинда таътилда бўлганида — америкалик сайёҳ Трампнинг Гренландия ҳақидаги таклифини баланд овозда муҳокама қилаётганини эшитганида келган.
Доналд Трамп Гренландияни сотиб олиш АҚШ миллий ва иқтисодий хавфсизлиги учун «мутлақ зарурат» эканини таъкидлаб келмоқда. Ушбу фонда Гренландия бош вазири Муте Эгеде орол аҳолиси АҚШ ва Даниядан мустақил бўлишни хоҳлаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Доналд Трамп билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини излаётганини маълум қилди.
Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландияни эгаллаш режалари ҳақидаги баёнотлари орол аҳолиси манфаатларига зид эканини таъкидлаган. «Трамп Гренландияни қўлга кирита олмайди. Гренландия — бу Гренландия. Гренландия аҳолиси халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми билан ҳимояланган халқ», деганди Расмуссен.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар