
Қўшма Штатларда бир неча кундан бери торнадо давом этиб, табиий офат давлатнинг марказий ва жанубий қисмига жиддий зарар етказмоқда. Америка матбуотига кўра, турар жой бинолари, инфратузилма объектлари, мактаблар вайрон бўляпти.
Арканзас, Жоржия ва Оклахома штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. ABC News телеканали хабарида келишича, дам олиш кунларида 20 дан ортиқ штатларда одамлар мингга яқин бўронлар билан тўқнашди ва бугунги ҳисоб-китоб билан торнадо 42 киши ҳалок бўлишига олиб келди. 9 штатда эса торнадо хавфи ўта кучли дея баҳоланган. Миссури штатида 12 киши, Канзасда 8 киши, Миссисипида эса 6 киши торнадо қурбонига айланган. Ҳалок бўлганлар орасида ёш болаларнинг ҳам борлиги америкаликларни қайғуга солмоқда.
Хусусан, Шимолий Каролинада 11 ва 13 ёшли ака-укалар кучли торнадо оқибатида дарахт қулаши туфайли ҳалок бўлди. Ҳукумат буни тасдиқлаган. Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Меффю Оуэн Facebook’да пост қолдириб, дарахт икки ака-уканинг ётоқхонасига қулаганини маълум қилди. Уй ёниб кетган, ўт ўчирувчилар келганида оиланинг бошқа аъзолари ичкарида болалар борлигини айтган, лекин афсуски, уларни қутқаришолмади.
Меффю Оуэннинг ABC News’га маълум қилишича, торнадо Миссисипи штатида соатига 111 миляни ташкил қилмоқда, бу тахминан соатига 180 километр дегани. Расмийлар Миссисипида камида 3 кишини шамол учириб кетганини тасдиқлади. Штатлардаги меҳмонхоналар торнадо сабаб уй-жойсиз қолганлар билан тўлмоқда. Айтилишича, келаси ҳафталарда 250 тача лагерлар пайдо бўлади, айнан торнадодан зарар кўрганлар учун.
Торнадо Алабама штатида ҳам вайронагарчиликларга сабаб бўлмоқда, бу ерда шамол тезлиги соатига 136 милядан 165 милягача чиққан, бу қарийб 265 километр соат дегани. Шамол бунчалик қаттиқ бўлиб, вайронагарчиликларга олиб келади деб ҳеч ўйламагандим, дейди Алабаманинг Плантерсвил шаҳрида яшовчи Овнс. У онасидан айрилиб қолгани учун кўз ёш тўкмоқда. Айтишича, онаси қулаган уй ичида қолиб кетган.
Алабаманинг Винтерборо шаҳрида эса табиий офат зарари анча жиддий, шамол ўрта мактабни вайрон қилган. Тезлиги соатига 120 миля ёки 193 км/соат бўлган шамол мактаб автобусини учириб юборган ва автобус спортзалга келиб урилган. Округ қутқарувчилари Винтербородаги мактаб қаршисида яшовчи 83 ёшли фуқаро ҳалок бўлганини аниқлади.
Торнадо Оклахома штатида 400 дан ортиқ уйларни вайрон қилган, 150 га яқин инсон жароҳат билан шифохоналарга ётқизилган. Кучли шамол дам олиш кунларида ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди. Айни пайтда Оклахома, Техас, Ню-Мексикода ёнғин хавфи қизил даражада турибди. Айниқса сешанба, яъни бугун Техаснинг ғарбий қисми ва Ню-Мексико учун алангали ўтиши мумкин, одамлар бундан огоҳлантирилган.
Техас, Луизиана, Алабама, Арканзас, Теннесси, Миссисипи, Жоржия, Кентукки ва Шимолий Каролина штатларининг бир қисми сув тошқини ҳақида огоҳлантириш остида, дея хабар берди BBC.
Президент Доналд Трамп АҚШ Миллий гвардиясини бўронга қарши кураш учун жалб қилди. Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги платформаларида эса одамларни кўпроқ ибодат қилишга чақирди. Мен ва Меланияни чуқур ташвишга солган бу бўронлар сабаб ибодатимизга қўшилинг, деб ёзади Трамп.
Ўзбекистон президенти 17 март куни торнадо сабаб кўрилган зарар ва қурбонлар борлиги муносабати билан Доналд Трампга таъзия мактубини йўллади. Бу ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар