
Россия Федерацияси ҳудудида умр кўриш давомийлиги бўйича тўлиқ статистик маълумотлар энди оммага ошкор этилмайди. Росстат расмий сайтида энди фақат умумий кўрсаткичлар эълон қилинади, ҳудудлар кесимидаги, шунингдек, эркаклар ва аёллар бўйича алоҳида маълумотлар берилмаяпти.
Мутахассислар бу қарорни Россиянинг Украинадаги ҳарбий йўқотишлари билан боғлиқ деб баҳоламоқда. Уруш фронтига жалб қилинган ёш эркаклар ўртасидаги ўлим ҳолатлари шиддат билан ошгани бу қарорга сабаб бўлиши мумкин.
Росстат статистикаси ва умр давомийлиги пасайиши
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда россияликларнинг ўртача умр давомийлиги 7 ойга қисқариб, 72,84 йил бўлди. Бу пандемиядан кейинги илк пасайиш бўлиб, агар коронавирус инобатга олинмаса, 2000-йиллардан бери энг катта пасайиш ҳисобланади.
2024 йилда эса расмий ўлим ҳолатлари 2023 йилга нисбатан 3,3% га ўсиб, 1,816 миллион кишини ташкил қилди. Шу билан бирга, туғилиш даражаси сўнгги 25 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб, атиги 1,222 миллион бола туғилди. Россия аҳолисининг табиий қисқариши эса 495 минг кишига етди, бу ўтган йилга нисбатан 20% кўпроқ.
Украинадаги йўқотишлар ва демографик инқироз
Экспертлар умр давомийлиги пасайишига Россиянинг Украинадаги йўқотишлари катта таъсир қилганини таъкидламоқда. Демограф Алексей Ракша маълумотларга кўра, фронтда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг ўлими Росстат базасига тахминан 1,5 йил кечиктириб киритилади.
Британия разведкаси ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил март охиригача Россия армиясининг Украинадаги умумий йўқотишлари 900 минг кишига етган, шундан 200–250 минг нафари ҳалок бўлган.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) маълумотларига кўра, 2025 йил феврал ойигача Россия 172 минг ҳарбийни йўқотган, 611 минг киши жароҳатланган, шундан тахминан 400 минг нафар ҳарбий ногиронликка учраган.
Маълумотларни махфийлаштириш ортида нима бор?
Россия ҳукумати умр давомийлиги бўйича тўлиқ статистикани эълон қилмасликка қарор қилиши эҳтимолан қуйидаги сабабларга бориб тақалади:
- Фронтдаги ёш эркаклар ўртасида ўлим ҳолатлари ортиб бораётганини яшириш;
- Аҳоли орасида ҳарбий йўқотишларга нисбатан ҳушёрликни оширмаслик;
- Россиядаги демографик инқирознинг аниқ кўрсаткичларини ошкор қилмаслик.
Россия ҳукуматининг бу сиёсати давлат статистикасининг ишончлилигини янада шубҳа остига қўяди. Шунингдек, демографик инқироз ва ҳарбий йўқотишлар ҳақидаги реал маълумотларни олишни қийинлаштиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар