07:50 / 26.03.2025
247

Ген тиббиётида инқилоб: олимлар ДНКни хавфсиз етказиш усулини ишлаб чиқди

Ген тиббиётида инқилоб: олимлар ДНКни хавфсиз етказиш усулини ишлаб чиқди
Пенсилвания университети олимлари ген терапияси соҳасида улкан ютуққа эришиб, липид нанозаррачалар орқали ДНКни ҳужайраларга хавфсиз етказиш усулини яратди. Бу янги технология диабет, саратон ва юрак касалликлари каби оғир касалликларни даволашда янги имкониятлар эшигини очади.

Ген терапиясидаги асосий муаммо ҳал этилди

ДНК орқали даволаш усуллари кўп йиллардан бери муҳокама қилинаётган бўлса-да, уларнинг амалий қўлланилиши бир қатор муаммоларга дуч келарди. Илгари ДНКни ҳужайраларга киритиш ҳалокатли иммун жавобларни келтириб чиқарар ва бу организмга жиддий таъсир ўтказар эди. Бироқ янги липид нанозаррача технологияси бу муаммони ҳал қилди.

Нитроолеин кислотаси қўшилган тизим ҳужайраларда яллиғланиш жараёнларини тўхтатиб, сичқонлар устидан ўтказилган синовларда 100 фоиз бардошлиликни намоён этди. Бу эса янги усулнинг хавфсизлигини тасдиқлайди.

ДНК ва мРНК: асосий фарқлар

мРНК вакциналари COVID-19 пандемияси даврида кенг тарқалди ва улар организмни жуда тез ҳимоя қилиш учун фойдаланилди. Бироқ, мРНК организмда фақат бир неча соат ёки кун сақланади. ДНК эса ярим йилгача фаол қолиши мумкин, бу эса сурункали касалликларни даволашда муҳим аҳамиятга эга.

Янги липид нанозаррача тизими мРНК вакциналаридаги каби «контейнер» усулида ишлайди, яъни терапевтик ДНК заррачалар ичига юкланади. Шу билан бирга, STING йўлини блокловчи нитроолеин кислотаси ҳужайраларнинг иммун жавобини назорат қилади ва организмнинг бегона генетик материалга бўлган ҳаддан ташқари ҳимоя реакциясини олдини олади.

Янги технология нималарга йўл очади?

Янги ген терапияси усули бир қатор устунликларга эга:
  • Иммун тизим реакциясини олдини олади – бегона ДНК организмда хавфсиз қабул қилинади.
  • Узоқ муддатли таъсир – терапевтик ДНК организмда ярим йилгача фаол қолади.
  • Янги даволаш имкониятлари – диабет, саратон ва юрак касалликларини даволашда инновацион ёндашувлар пайдо бўлади.
  • Вирусларга эҳтиёж қолмайди – ген терапиясида вируслар ўрнига липид нанозаррачалар ишлатилади.

Келажакдаги қадамлар

Пенсилвания университети олимлари бу усулни эндиликда турли тўқималар ва касаллик моделлари устида синаб кўришни режалаштирмоқда. Агар усул самарадорлиги тасдиқланса, у ген терапияси соҳасида янги даврни бошлаб беради. Инъекциялар ёки вируслар билан боғлиқ хавфларсиз, генетик даволашнинг хавфсиз ва самарали усули яратилади.

Бу кашфиёт келажакда генетик касалликлар, саратон, диабет ва бошқа оғир касалликларга қарши курашда туб бурилиш ясаши мумкин. Ген терапиясининг янги даври бошланмоқда!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг