date
views 455

Хитой Ҳолливудга чеклов қўймоқда — савдо уруши киносаноатга ҳам етди

Хитой Ҳолливудга чеклов қўймоқда — савдо уруши киносаноатга ҳам етди
АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий қарама-қаршилик янги босқичга чиқди. Энди бу тортишув фақатгина товарлар билан чекланиб қолмай, кино дунёсига ҳам таъсир ўтказмоқда. Reuters ёзишича, Хитой кинематография ишлари бўйича миллий бошқармаси Дональд Трамп бошчилигидаги маъмурият томонидан Хитой маҳсулотларига жорий этилган катта божларга жавобан Ҳолливуд фильмлари импортини чеклашини маълум қилди.

“Биз бозор қоидаларига бўйсунамиз, аудитория танловини ҳурмат қиламиз ва Америка фильмлари импортини сезиларли даражада камайтиришга қарор қилдик”, — дейилади расмий баёнотда.

Хитой кино бозорида Ғарб филмларининг ўрни қисқараётганди

Маълумотларга кўра, бу қарор нафақат сиёсий жавоб, балки бозордаги воқелик билан ҳам боғлиқ. Хитой кинотеатрларида умумий касса йиғимларининг фақат 5 фоизи Ҳолливуд фильмларига тўғри келади. Қолаверса, Америка студиялари ушбу даромаднинг атиги 25 фоизини олади.

Сўнгги йилларда хитойликлар маҳаллий фильмларга катта қизиқиш билдирмоқда. 2020 йилдан бери ички фильмлар кинотеатрлар кассасининг 80 фоизини ташкил этмоқда. Илгари бу кўрсаткич 60 фоиз атрофида эди.

Импорт квоталари бор эди, энди эса чеклов қатъийлашмоқда

Хитой 1995 йилдан бери хорижий фильмлар учун квота тизимини қўллаб келаётган мамлакат. Илгари йилига фақат 10 та хориж фильми прокатга чиқиши мумкин эди. Кейин бу рақам 34 тагача оширилди. Энди эса бу миқдор яна пасайиши мумкин.

Тариф урушининг кино фронти

Хитой 10 апрелдан бошлаб АҚШдан олиб кириладиган товарларга тарифни 34 фоиздан 84 фоизгача оширди. Бу АҚШнинг Хитой маҳсулотларига 104 фоизлик божлар қўйишига жавоб сифатида қилинди. Аммо Трамп шунда ҳам чекланиб қолмади — у божларни 125 фоизгача кўтаришини эълон қилди ва Пекинни “жаҳон бозорларига ҳурматсизликда” айблади.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий можаро энди киносаноатга ҳам таъсир қилмоқда. Ҳолливуд фильмларининг Хитойдаги улуши камайиши нафақат сиёсий муносабатлар, балки томошабинлар таъби ва маҳаллий маданиятнинг ўсиши билан ҳам боғлиқ. Аммо бу чекловлар глобал кино бозорида қандай ўзгаришларга олиб келиши ҳозирча номаълум.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг