
Можаро, миллионлаб даъволар, суд залидаги кўз ёшлар — баъзан юлдузларнинг шахсий фожиалари машҳурлигига уларнинг ҳитлари ва роллари ҳам бас келолмайди, деб ёзади Дарё.
Ким Кардашьян ва Рей Жей: “тарқатилган” видео воқеаси

Бугун Ким Кардашьян поп-маданият рамзи ва миллиардерга айланган, аммо доим шундай бўлмаган. 2000 йиллар бошида Ким Перис Ҳилтоннинг оддий стилисти бўлиб, баъзан телекўрсатувларда кўриниб турарди. Тақдир уни рэпер Рей Жей билан учраштирди. Уларнинг муносабатлари атиги бир неча йил давом этди, бироқ шов-шувли ажралиш шоу-бизнесдаги порлоқ карьера учун пойдевор бўлди.
2007 йилда Ким ва Жей ажрашгандан сўнг, тармоқда жуфтликнинг очиқ мазмундаги видеоси пайдо бўлди. Уни катталар учун фильмлар ишлаб чиқарувчи Vivid Entertainment компанияси эълон қилди. Ким дарҳол собиқ йигитини ўзининг рухсатисиз видеони сотганликда айблади. Шу билан ҳозиргача юлдузларни таъқиб этаётган воқеалар занжири бошланди.

Ҳозирда кўпчилик мухлислар Рейнинг видеони тарқатмагани ҳақидаги баёнотига ишонмоқда. Ким ва унинг онаси Крис Женнер Vivid Entertainment билан шартнома тузган. Бу мантиққа тўғри келади: чунки можаро Keeping Up With The Kardashians реалити-шоуси эфирга чиқишидан олдин бошланди, натижада шоу мисли кўрилмаган рейтингларни забт этди.
Иш судгача етиб бормади — томонлар можарони суд залидан ташқарида ҳал қилди. Аммо “атайлаб тарқатилган” видео ҳақидаги миш-мишлар ҳали ҳам Кимни таъқиб этмоқда. Лекин бир нарса аниқ: Ким ва опа-сингилларининг оламшумул шуҳратида мазкур видео муҳим рол ўйнади.
Рианна ва Крис Браун: зўравонлик, судлар, қабул қилиш

2000 йилларнинг охирида Рианна ва Крис Браун энг кўп муҳокама қилинган жуфтликлардан бири бўлди — Крис севгилисини калтаклаганди. Бундан ташқари, бошқа шок қилувчи тафсилотлар ҳам маълум бўлди. Иккаласи ҳам йигитнинг хиёнатидан кейин муносабатлари бузила бошлаганини тан олишди. Рианна унга ишончини йўқотди ва Крис тобора тажовузкор бўлиб борди.
“Унинг кўзларида жон йўқ эди, фақат бўшлиқ бор эди. У ўзини йўқотиб қўйганди. Мен унга қарардим-у, одамни кўрмасдим. Юзим шишиб кетганди, қон оқарди ва ташқаридан кимдир полицияни чақирди”, дейди хонанда ўша мудҳиш оқшомдаги воқеаларни эслаб. Крис уни машинада калтаклаган, Рианна менежерига қўнғироқ қилмоқчи бўлганида эса телефонини деразадан улоқтириб юборган.

Калтакланган Рианнанинг суратлари бутун дунёга тарқалгандан сўнг, рэпер қамоққа олинди ва айбини тан олди. Рэпер шартли равишда 5 йилга озодликдан маҳрум этилди ва жамоат ишларига жалб қилинди. Уларнинг хавфли муносабати шу билан тугамади — жуфтлик 2012 йилда ярашди. Яхшиямки, янги муносабатлар узоқ давом этмади ва жароҳатларсиз якунланди. Ҳозирда Рианна ҳам, Крис ҳам оилавий бахтга эришган. Улар ўртасида илиқ дўстона муносабат мавжуд.
Карди Би Таша К’га қарши: тўрт йиллик ёлғон ва суддаги “жанглар”

Қўшиқчи Карди Би танқидларга эътиборсизлиги билан машҳур бўлса-да, блогер Таша К уни тўрт йил давом этган ва санъаткорнинг фаолиятини хавф остига қўйган жанжалга тортишга эришди.
Бу воқеа 2019 йилда бошланди. Ўша пайтда Таша К машҳурлар ҳақидаги ғийбатли видеолари билан миллионлаб кўришларни тўпларди. У Карди Би ҳақида ўндан ортиқ видео тайёрлаган бўлиб, уларда қўшиқчини эрига хиёнат қилишда, фоҳишаликда ва гиёҳвандликда айблаган. Блогер нафақат қўшиқчининг ўзи, балки унинг оиласи ҳақида ҳам ҳақоратли уйдирмалар тўқиган. Бунга чидолмаган Карди Таша К’ни туҳмат учун судга берди. У соғлиғини тиклаш учун психотерапевт билан узоқ вақт ишлашига тўғри келди.

Дастлаб блогер ўз баёнотлари ёлғон эканини тан олган, бироқ кейинчалик сўзларидан қайтган. Натижада Кардининг танқидчилар билан кўп йиллик кураши ғалаба билан якунланди. Суд блогерни қўшиқчига қарийб 4 миллион доллар миқдорида товон пули тўлашга мажбур қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!