
Украина аёллари ҳам мажбурий ҳарбий хизматни ўташлари керак, деб ҳисоблайди президент офиси раҳбарининг ўринбосари Павел Палиса.
Bihus.Info’га берган интервьюсида у бундай ғояни Исроил тажрибаси асосида илгари сурди. Унинг таъкидлашича, Россиядан таҳдид яқин 10–30 йилда ҳам давом этиши мумкин, шу боис армияга барча фуқаролар жалб этилиши шарт.
– Барча хизмат қилиши керак деган тушунча жамиятда мустаҳкам ўрнашиши лозим. Бу фақат эркакларга тегишли бўлмаслиги керак, – деди Палиса.
У Конституцияда ҳарбий хизмат тўғрисида банд мавжудлигини эслатди ва уни аёлларга ҳам татбиқ этишни таклиф қилди.
– Фуқаро давлат бюджетидан таълим олмоқчими? Давлат лавозимида ишламоқчими? Демак, армияда хизмат қилган бўлиши шарт, – дейди Палиса.
Айни пайтда Украина армиясида 68 минг аёл бор, шундан 48 минг нафари ҳарбий хизматчи, 5 мингга яқини эса жанговар зоналарда.
Палиса бу унинг шахсий позицияси эканини ва президент офиси бу фикрга қўшилади деган ишонч йўқлигини ҳам қўшимча қилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!