date
views 667

Москвадаги ҳаммомда қирғизистонликларга “қонун доирасида” муносабатда бўлинган эдими?

Москвадаги ҳаммомда қирғизистонликларга “қонун доирасида” муносабатда бўлинган эдими?
Москвадаги “Бодрост” ҳаммомида хавфсизлик кучлари Қирғизистон фуқароларига қарши рейд ўтказган эди. Рейд давомида мигрантлар ярим яланғоч ҳолатда эмаклаб юришга мажбурланган, уларнинг аксарияти юзи ерга қараб ётқизилган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай шафқатсиз муносабатни “муҳожирларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатгани” билан изоҳламоқда.

Мавжуд маълумотларга кўра, операция давомида чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган. Шу сабабли ушбу хорижликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Шу билан бирга, бизнинг хавфсизлик идораларимиз ходимлари Россия қонунчилигига мувофиқ мавжуд ваколатлар доирасида ҳаракат қилишган, дея таъкидлади вазирлик.

Таъкидланишича, рейд режали бўлиб, муайян мамлакат фуқароларига қарши қаратилмаган. Рейд давомида 59 нафар чет эл фуқароси қўлга олинган, улардан 25 нафари миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россияда бўлган. Қўлга олинганларнинг баъзилари “радикал гуруҳлар билан алоқада бўлганлик”да гумонланмоқда.

Шу билан бирга, Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсмани) Жамиля Жаманбаева россиялик ҳамкасби Татьяна Москалкова билан учрашув чоғида “Бодрост” ҳаммом мажмуасида куч қўллаш даражаси мувофиқлиги борасида хавотир билдирган.

Воқеа акс этган кадрларни кўришда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Қирғизистон фуқароларини оммавий равишда ҳибсга олиш чоғида куч ишлатишнинг мутаносиблиги ва асослилиги тўғрисида саволлар пайдо бўлади.

Қирғизистонликларга нисбатан ҳар қандай маъмурий ёки куч ишлатиш чоралари процессуал ҳуқуқлар, халқаро мажбуриятлар кафолатларига риоя қилган ҳолда қўлланиши керак. Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади, дея эслатди Жаманбаева.

Москалкова бунга аллақачон муносабат билдирганини ва унинг мурожаатидан сўнг Россия прокуратураси ва миграция идоралари “Бодрост”да содир бўлган воқеани текширишни бошлаганини айтди.

Ҳодиса 10 апрель куни Россия фуқаролигини олган Қирғизистон фуқаросига тегишли ҳаммом мажмуасида юз берган.

Тарқалган фото ва видеоларда куч тузилмалари ходимлари балаклава (ниқоб) кийган ва қўлларида қизил тасма таққан ҳолда ҳаммомдаги мижозларни калтаклаётгани, уларни ерга юзтубан ётқизиб, судралишга ёки тиззалаб ҳаракатланишга мажбурлаётгани, ҳатто ётган одамлар устидан юраётгани акс этган.

Ҳолат юзасидан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Вакуновни чақиртириб, унга изоҳ талаб қилинган расмий нота топширган.

Қирғиз томони Россиядан ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чоралар кўришни ва келажакда бу каби ҳолатларга йўл қўймасликни сўраган. Бу каби воқеалар Қирғизистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкинлиги таъкидланган.

Қирғизистоннинг Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигининг Москвадаги ваколатхонаси Россия Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Москва прокуратураси, Россия омбудсмани ва бошқа идораларга “Бодрост” ҳаммомидаги воқеа юзасидан тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат йўллаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвадаги ҳаммомда қирғизистонликларга “қонун доирасида” муносабатда бўлинган эдими?