
Яқинда вафот этган католиклар етакчиси – Рим папаси Франциск ҳақида бутун дунёдаги сиёсий доиралар томонидан билдирилаётган таъзиялар оқими давом этмоқда. Лекин шу кунларда Исроил ташқи ишлар вазирлигининг папа Франциск вафоти юзасидан билдирган таъзияномасини ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаши оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик эътиборини ўзига тортди.
Исроил ТИВ таъзиянома битигида папанинг Қуддусдаги муқаддас Йиғи деворида ибодат қилаётган суратни ҳам илова қилиб, уни ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштирганди. Лекин бу хабар тез орада ўчириб ташланди. Исроил ТИВ вакили эса бу ҳолатга "хато билан" изоҳ берди ва қуйидагича баёнот берди:
«Бу твит ва постлар хатолик билан чиқарилган. Биз папанинг ҳаётлигида Исроилга ва Ғазо секторидан олиб борилган уруш борасидаги баёнотларига керакли муносабат билдирганмиз. Ҳозир эса унинг вафотидан кейин бундай қилиш ниятимиз йўқ», – деди Исроил ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, папа Франциск ҳаёти давомида Фаластин-Исроил низосида тинчлик тарафдори бўлиб, урушни кескин қоралаб чиққан. Хусусан, у Исроил армиясининг Ғазода тинч аҳоли, айниқса, мактаблардаги болалар ва қуролсиз насронийларга қилинган ҳужумларини қаттиқ танқид қилган.
2023 йил 7 октябрдан бошлаб Ғазо секторини бомбага тутган Исроилнинг бу ҳужумлари натижасида 51 мингдан зиёд фаластинлик қурбон бўлган. Папа Франциск ушбу воқеаларни бир неча бор кескин танқид қилгани, таҳлилчилар фикрича, Исроил ҳукуматининг папага нисбатан совуқ муносабатига сабаб бўлган.
Исроилда папанинг вафоти юзасидан ҳозирча фақат президент Ицхак Герцоггина таъзия билдирган бўлса-да, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бу воқеага сукут сақламоқда.
Исроилнинг Ватикандаги собиқ элчиси Рафаэль Шютц эса ҳукуматнинг бундай муносабатини танқид қилиб, буни «хато қарор» деб атади.
«Менинг назаримда, бу жуда катта хато. Кимдир вафот этганидан кейин бунақа ҳисоб-китоб қилиш бизга тўғри келмайди. Ахир бу шунчаки бир давлат раҳбари эмас, балки инсониятнинг бешдан бир қисми, бир миллиарддан зиёд одамнинг маънавий етакчиси ҳақида сўз кетмоқда», – деди собиқ дипломат.
Эслатиб ўтамиз, дунё католиклари раҳбари Папа Франциск 21 апрел куни 88 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Унинг дафн маросими эса 26 апрел куни бўлиб ўтади.
Ҳозирча Исроил ҳукумати ушбу вазият юзасидан бошқа қўшимча баёнот бермаган. Мазкур воқеа эса халқаро ҳамжамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг