date
views 8

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда глобал даражадаги муҳим қарор қабул қилинди

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда глобал даражадаги муҳим қарор қабул қилинди
Ню-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган муҳим резолюция бир овоздан тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Мазкур резолюция «Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси» деб номланиб, бутун дунё мамлакатларини атроф-муҳитни асраб-авайлаш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашга қаратилган ҳаракатларни бирлаштиришга чақирмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу глобал ҳужжатни 80 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади ва унинг ҳаммуаллифлари орасида Марказий Осиё мамлакатлари билан бир қаторда, Россия, Озарбойжон, Германия, Австрия, Финландия, Португалия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, БАА, Қатар, Баҳрайн, Бразилия каби йирик давлатлар ҳам бор.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили» дастури, «Яшил макон» миллий лойиҳаси ҳамда «Марказий Осиё Яшил камар» дарахт экиш акцияси каби муҳим ташаббусларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Қабул қилинган резолюция 2027 йилдан 2036 йилгача бўлган даврни Ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси деб эълон қилди. Шу билан бирга, ушбу муддат мобайнида бутун дунёдаги давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакилларини ресурсларини бирлаштиришга ва бу соҳадаги чора-тадбирларни кучайтиришга чақиради.

Эслатиб ўтиш керак, 2023 йилда ҳам Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан тасдиқланган эди.

Ўзбекистоннинг ушбу халқаро даражадаги ташаббуси нафақат мамлакат, балки бутун дунёда атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда глобал даражадаги муҳим қарор қабул қилинди