
АҚШ президенти Доналд Трамп The Atlantic нашрининг бош муҳаррири Жеффри Голдбергга берган интервьюсида Украинадаги уруш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, Америка томонидан амалга оширилаётган ёрдамлар Украина давлатини “қутқариб қолмоқда”, чунки АҚШ аралашмаганида бу мамлакат қисқа вақт ичида Россия томонидан мағлубиятга учраши мумкин эди.
Интервью вақтида Голдберг Трампга нима учун у Россиянинг босими ва тазйиқларига учраган бошқа давлатларга нисбатан анча пастроқ даражада ҳамдардлик кўрсатаётгани ҳақида савол берди. Трамп бу саволга жавобан, аввалги президентлик даврида Украинага Javelin танкка қарши тизимларини етказиб берганини эслаб ўтди. Унинг фикрига кўра, бу қуроллар бўлмаганида 2022 йилда Россия қўшинлари Киевга бемалол кириб борган ва уруш тез фурсатда якунига етган бўларди.
«Мен бу мамлакатни қутқаряпман, деб ҳисоблайман. Менинг аралашувимсиз Украина жуда тез мағлубиятга учрар эди. Келинг, ҳақиқатга тик қарайлик, у ерда катта ҳарбий куч бор (Россия назарда тутилмоқда). Шу сабабли, мен Украинага жиддий ёрдам кўрсатяпман, деб ўйлайман», — деди Трамп.
Журналист Голдберг АҚШ президентига Россия президенти Владимир Путиннинг қандай ҳаракатлари уни Украина президенти Владимир Зеленский томонида туришга мажбур қилиши мумкинлиги ҳақида савол берди. Трамп эса жавобан ўзини айнан Зеленский тарафдори эмас, балки Украина давлатининг тарафдори деб ҳисоблашини айтиб ўтди.
«Мен Зеленский билан айрим тушунмовчиликларга дуч келганман. У шу ерда, Оқ уйда, айнан сиз ўтирган креслода ўтирганда буни сезгансиз. Зеленский шунчаки сукут сақлаши керак эди, тушуняпсизми?», — дея қўшимча қилди Трамп.
Бундан ташқари, Трамп Украинадаги уруш учун яна бир бор ўзидан олдинги АҚШ президенти Жо Байденни масъул қилиб кўрсатди. У шунингдек, жанговар ҳаракатларнинг тугашига яқин қолганини таъкидлади: «Келинг, кўрамиз, кейинги ҳафталарда нималар содир бўлишини. Биз сўнгги босқичга етиб келдик».
Маълум бўлишича, АҚШ февраль ойининг ўрталарида Россия ва Украина билан алоҳида тарзда музокаралар ўтказишга киришган. Бироқ ҳозирча ушбу мулоқотлар натижасида ўт очишни тўлиқ тўхтатишга эришилганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ таклиф қилган тинчлик режасида Вашингтон томонидан Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш таклиф қилинган эди. Украина президенти Владимир Зеленский эса бу борада ўзининг қатъий позициясини билдирди ва ҳуқуқий жиҳатдан Қримни Россия ҳудуди сифатида ҳеч қачон тан олмаслигини айтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар